«Ўткан кунлар» таржимони Ўзбекистон президентига мурожаат қилди

«Ўткан кунлар» таржимони Ўзбекистон президентига мурожаат қилди

Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини инглиз тилига таржима қилган таржимон Марк Риз ваъда қилинган қалам ҳақини ҳамон ололмаётгани бўйича Ўзбекистон президентига мурожаат қилди.

Таржимоннинг айтишича, унга президент Шавкат Мирзиёев номидан ваъда қилинган гонорар 5 ойдан бери тўланмаяпти. Бу ҳақда у ўзининг Твиттердаги саҳифасида ёзган.

«5 ой олдин менга қалам ҳақи ажратгансизлар ва совға сифатида хорижга тарқатиш учун «Ўткан кунлар» романининг инглизча таржимасидан 1000 дона нусха ҳам ваъда қилгансизлар», деб ёзган таржимон.

Марк Ризнинг айтишича, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вакили Қодирийнинг невараси Хондамир Қодирий ва Ризнинг дўсти билан учрашган. Ўшанда вакил президент билан учрашишини, гонорар ҳақида сўрашини айтган. Иккиси қалам ҳақи берилмаганини айтган.

«Мен ушбу ходимга қуйидагича жавоб қилдим: «Мендан президент Мирзиёевни алдашимни сўраяпсизми? Боринг, чой ичинг (ундан кўра)». Бу жавобимдан кейин дўстимга таҳдид қилишди. Бундай кутилмаган ҳолатдан ҳайратга тушдим», деб ёзади Риз.

Марк Риз АҚШга қайтгач, Ёзувчилар уюшмаси ва Давлат тилини ривожлантириш агентлиги вакиллари у билан Zoom орқали боғланиб, қалам ҳақи ва мингта китоб берилишини айтишган. Шунингдек, таржимонга Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига йилига 20 минг долларлик ишга ҳам таклиф қилишган.

Марк Риз бу таклифни рад этганини айтган. Ушбу суҳбат давомида дўстига таҳдид қилган ходим ҳам бўлганини ва «ўзи ва ўғлининг ҳаётини хавф остига қўйиб, Тошкентга қайтмаслигини» билдирган.

«Биласизми, сўнгги 3 йилда ўнлаб интервьюлар бердим, ўша университетда текинга онлайн дарс бердим. Барча харажатлар ўзимнинг ҳисобимдан бўлди. Менга шуларнинг ўзи етарли бўлганди, аммо ўзбек халқи ишимни давом эттиришимга рағбат берди. Ўзбекистонда ҳалол инсонлар кўп, ноҳалолларига нисбатан. Бироқ 1-2 та шундай одамлар сизнинг ислоҳотларингизни боши берк кўчага тиқиб қўйишяпти», дея мурожаат қилган у президентга.