ОТМларга қабул параметрлари тасдиқланди

ОТМларга қабул параметрлари тасдиқланди

ОТМларга қабул параметрлари тасдиқланди

“2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4749-сон, 12.06.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда:

- абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жорий йилнинг 20 июнидан 20 июлига қадар (20 июль куни ҳам) бўлган муддатда амалга оширилади;

- кириш тест синовлари абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фандан ўтказилади;

- абитуриентлар фанлар мажмуаси ҳамда кетма-кетлиги бир хил бўлган 5 тагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиши мумкин.

2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб:

• Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилади;

• магистратура мутахассисликларига ўқишга кириш, шунингдек, бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш учун ҳужжатларни топшириш жараёни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади.

Қарорга мувофиқ, давлат буюртмаси параметрлари:

- бакалаврлар тайёрлаш бўйича:
•  кундузги таълим шаклига – 103 575 нафар;
•  сиртқи таълим шаклига – 31 350 нафар;
•  кечки таълим шаклига – 5 025 нафар этиб;

- магистрлар тайёрлаш бўйича – 10 425 нафар этиб тасдиқланди.