ЎзА фаолияти такомиллаштирилади: ахборот хуружларига қарши кураш, мақоми вазирга тенглаштирган бош директор ва бошқа кўплаб имтиёзлар

ЎзА фаолияти такомиллаштирилади: ахборот хуружларига қарши кураш, мақоми вазирга тенглаштирган бош директор ва бошқа кўплаб имтиёзлар

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори имзоланди.

Унга мувофиқ, ЎзАнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид расмий маълумотларни излаш, олиш, қайта ишлаш ҳамда ахборот, ахборот-таҳлилий, таҳлилий-танқидий материаллар тайёрлаш ва тарқатиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, расмий баёнотлари ва маърузаларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Ҳукуматининг қарорлари ва уларнинг фаолиятига оид ахборотларни мунтазам ёритиб бориш;

республиканинг ички ва ташқи сиёсатини, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, жамиятимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишларни тезкор ёритиш;

жамоатчиликнинг катта қизиқишини уйғотаётган воқеаларнинг моҳияти бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш ҳамда маълумотлардан бузғунчи ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш имкониятини бартараф этиш учун аҳолини бундай ҳодисалар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиб бориш;

ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширишда давлат органлари ва уларнинг ахборот хизматлари билан узвий ҳамкорлик қилиш ва улардан тизимли равишда статистик, таҳлилий ва бошқа турдаги маълумотларни олиш;

бошқа оммавий ахборот воситалари, жисмоний ва юридик шахслар фойдаланиши учун юртимизнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, тарихий ва маданий ривожланишига оид маълумотлар (ахборот, фото ва видео материаллар) базасини шакллантириш;

юртимизда юз бераётган ўзгаришларни дунёга кенг тарқатиш, жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида мамлакатимиз аҳолисига тезкор ахборот етказиб бериш, хориждаги ахборот агентликлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари, медиа-тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, ЎзА ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг республика ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид янгиликлар бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш, уларга ахборот-таҳлилий, шу жумладан, аудио ва видео ахборотлар етказиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида ЎзА таркибида Медиа марказ ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Screenshot

Қуйидагилар Медиа марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

ахборот-таҳлилий ва мультимедиа материаллар, эшиттириш ва кўрсатувлар, воқеа жойидан онлайн репортажлар тайёрлаш, аудио ва видео материалларни қайта ишлаш, уларни ЎзАнинг веб-сайтига жойлаштириш ва оммавий ахборот воситаларига белгиланган тартибда етказиб бериш;

ахборотни қайта ишлаш ва тарқатишнинг замонавий усулларидан, жумладан, инфографика, моушн-графика, ижтимоий ролик, 360 форматидаги видео ва бошқалардан кенг фойдаланиш;

давлат органлари мутахассисларини жалб қилган ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш.

ЎзА ҳузурида унинг фаолиятини тизимли йўлга қўйиш ҳамда давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни ўрнатиш бўйича Маслаҳат кенгаши тузилди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ходимларининг умумий чекланган сони 155 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимларининг сони 13 нафардан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Қорақалпоғистон ахборот агентлиги (кейинги ўринларда – Қорақалпоғистон ахборот агентлиги) ходимларининг умумий чекланган сони 13 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимларининг сони 2 нафардан иборат бўлган тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

ЎзА томонидан 2022 йил 31 декабрга қадар четдан олиб келинганда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиладиган техника воситалари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқланди.

ЎзА бош директори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
ЎзА бош директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра вазирга, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосари эса тегишлича вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра ЎзА бош директори ўринбосарига тенглаштирилади.

Қуйидагилар ЎзА ва Қорақалпоғистон ахборот агентлиги фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

ЎзА ва Қорақалпоғистон ахборот агентлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

2020 йил 1 майга қадар муддатда фойдаланувчилар учун қулай, аудио ва видео ахборотларни тарқатиш, тарқатилаётган ахборотларни тижорат йўли билан юклаб олиш имкониятлари мавжуд бўлган ЎзАнинг ахборот порталини ишга туширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатига мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнининг бориши ҳақидаги тадқиқот материалларини эълон қилиб бориш учун ЎзАга доимий равишда тақдим қилиб бориш тавсия этади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ЎзАга жаҳондаги етакчи ахборот агентликлари ва халқаро ахборот агентликлари уюшмалари билан ахборот алмашиш бўйича ҳамкорлик ўрнатишда амалий ёрдам кўрсатади.