Ўзбек миллий мусиқа санъати институтига ўтказиладиган таълим йўналишлари рўйхати тасдиқланди

Ўзбек миллий мусиқа санъати институтига ўтказиладиган таълим йўналишлари рўйхати тасдиқланди

“Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (536-сон, 02.09.2020 й.) қабул қилинди

Қарор билан Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтига (Институт) Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтидан ўтказиладиган таълим йўналишлари (мутахассисликлар) рўйхати тасдиқланди.

Институт мақом ижрочилиги, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Институтда ўқув жараёни 2020/2021 ўқув йилидан бошланади. 

Шунга кўра, 2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига тегишли йўналишлар бўйича ўқишга қабул қилинган, шунингдек, ушбу йўналишларда таҳсил олаётган талабалар ўқишларини Институтда давом эттиради.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Институтда махсус сиртқи таълим ташкил этилади ҳамда унга маданият ва санъат таълим йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ва таълим йўналишига мувофиқ соҳа, касб, лавозимларда камида 3 йиллик амалий иш стажига (педагогика йўналишлари учун педагогик стажга) эга бўлган, Маданият вазирлиги томонидан берилган тавсияномага эга, тест синовлари (кириш имтиҳонлари ва касбий суҳбат)дан муваффақиятли ўтган абитуриентлар қабул қилинади.

2021 йилдан бошлаб республикадаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлар ҳамда маданият, мусиқа ва санъат коллежларига Институтнинг етакчи профессор-ўқитувчиларни бириктириш орқали “маҳорат мактаблари” йўлга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, Институт Президентнинг ПФ–6000-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган.