Ўзбек-хитой вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиш ҳаракати бошланди

Ўзбек-хитой вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиш ҳаракати бошланди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги таклифига кўра, кеча, 23 июль куни Хитойнинг “Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси делегацияси Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Делегация ўзбек-хитой вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бориш мақсадида ташриф буюрди. Мутахассислар вакцина ишлаб чиқариш учун инфратузилмавий имкониятларни баҳолайди.

Хитой Фанлар академияси SARS-CoV-2 коронавирусига қарши номзод вакцинасини яратиш лойиҳасининг ташаббускори ва координатори ҳисобланади. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Вирусология илмий-тадқиқот институтининг вакцина синовларида бевосита иштироки, шунингдек, клиник тадқиқотларга қўшган ҳиссаси натижасида Ўзбекистон вакцинанинг ҳаммуаллифи сифатида эътироф этилган.