Ўзбек йигити ва нигериялик қизнинг қўштирноқ ичидаги сохта турмуши

Ўзбек йигити ва нигериялик қизнинг  қўштирноқ ичидаги сохта турмуши

Тошкентда ўзбекистонлик хонанда икки нафар нигериялик фуқарони пул ва овқат бермасдан, калтаклаб келгани айтилган мурожаат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси томонидан маълумот берилди.


Маълум бўлишича, ўзбек йигити ва нигериялик қизнинг турмуш қуриши борасидаги видеолар интернетда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган. Машҳурлик қозониш учун сохта шов-шув кўтарган гуруҳ аъзолари ўртасида кўп ўтмай ўзаро низолар пайдо бўла бошлаган.

Аниқланишича, Нигерия фуқаролари ўзларининг паспортларини гуруҳ раҳбари — Сирож Ўзанов томонидан олиб қўйилганлиги ва уларга нисбатан ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир этилгани юзасидан 2020 йил 21 ноябр куни Президент веб-сайтига ва Хавфсиз туризм бош бошқармаси раҳбариятига мурожаат билан чиққан. Ушбу мурожаатни кўриб чиқиш Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси (ИИББ ХТТБ)га юклатилган.

Шу билан бирга Миролим исмли блогер ўзининг ЁуТубе каналида «Африкаликларни алдаб кетган фирибгар» номи билан видеоролик тарқатган. Блогер ўзининг видеосида ҳар икки тарафга ҳам ишонмаслигини, фақатгина хорижий давлат фуқароларининг паспортини олиб бериш мақсади бўлганини билдирган. Суҳбат давомида нигерияликлар пул ва овқат бермасдан, уй ишларини қилишга мажбурлаганини ҳамда калтаклаганини айтиб ўтган.


Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ХТТБ томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ишлари давомида «Сирож Бум» тахаллуси билан фаолият кўрсатаётган қўшиқчи 2019 йилнинг октябр ва 2020 йилнинг феврал ойларида Нигерия давлатининг икки нафар фуқаросини Ўзбекистонда шоу-бизнесини амалга ошириш мақсадида Тошкент шаҳрига олиб келганлиги маълум бўлган.

«Нигерия давлатида биз улар билан ёзма равишда 5 йиллик шартнома қилганмиз. Шартномада улар билан Ўзбекистонга келиб 1 йил тест тариқасида бепул ишлаб беришга келишганмиз. Шундан сўнг мен уларга ҳар ойига 300 доллардан, иккинчи йил 400 доллардан ва 3, 4, 5 йилдан сўнг 500 доллардан беришга келишганман. Мен уларни бу ерга бизнес учун олиб келганман», — дейди гуруҳ раҳбари Сирож Ўзанов.

Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси томонидан олиб борилган текширув давомида иккала томоннинг кўрсатмалари тингланган ва якуний қарор қабул қилинган. Ҳолат юзасидан сўралган гувоҳларнинг кўрсатмалари, ўтказилган суд-тиббиёт хулосалари, шунингдек, Ўзановларнинг уйида ўрнатилган видеокузатув ёзувларидан келиб чиқиб, фуқаро Мурод ва Сирож Ўзановларнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 118-моддаси (Зўрлаш), 135-моддаси (Одам савдоси) ва 227-моддаси (Ҳужжатларни ноқонуний равишда эгаллаш) каби жиноноятларни тасдиқловчи аломатлар мавжуд бўлмаганлиги учун жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шу билан бир қаторда, нигериялик фуқароларга паспортлари тегишли тартибда қайтариб берилган.