“Oʻzbekiston 24” президентга қаршими?

“Oʻzbekiston 24” президентга қаршими?

Давлат бюджетидан, халқнинг пулидан миллиардлаб маблағ сарфлаб, янги канал очишди. Техникаси, жиҳозлари замонавий ва энг сўнгги русумда; студияларида барча шароитлар муҳайё. Америкада туриб ҳатто мен ҳам ҳавас қилдим.

Кўпчиликнинг ундан орзу-умидлари катта эди. "Oʻzbekiston 24" янги Ўзбекистоннинг янги қиёфаси бўлади, деб айтишди, очилишидан олдин яхшигина PR бўлди.

Ишончлар ўзини оқладими?

Афсуски, деярли ҳеч нарса ўзгармади. Шакл ўзгарди, аммо моҳият эмас. "Мусаффо осмон" ҳақида эскирган услубда хабар (аслида хабар ҳам эмас, 80 фоизи фикрдан иборат бир нарса) тарқатишда давом этяпти. Хабарларини ёлғон демаган бўлардим, аммо уни етказиш услуби шунақанги эскирганки, тўғри гап худди қулоғингиз остида «шанғиллаб» эшитилаётгандек туюлади, кўнглингиз айнийди.

Майли, пропаганда бўлсин; майли мақсад ҳукуматни мақташ, унинг сиёсатини ёқлаш ва халқнинг президентга муҳаббатини, ишончини ошириш бўлсин. Бунга реалист сифатида, шартли равишда, розиман.

Аммо мана шу пропагандани профессионал ва ишонарли тарзда амалга ошириш мумкинку! Наҳотки, шуни эплай оладиган кадрлар Ўзбекистонда умуман бўлмаса?!

Ҳеч ким ортиқ ишонмайдиган эскича услублар билан миллиардлаб маблағни кўкка совуришдан мақсад нима?

Аслида бу канал ҳукуматга, президентга қарши кайфиятнинг шаклланишига хизмат қилмаяптими? Ўзбекистонда бугун ахборот майдонига, шу орқали халқ кайфиятига таъсир ўтказа оладиган қатлам - блогерлар, ёш журналистлар, ижтимоий фаол фуқаролар, ижтимоий тармоқлардан эркин ахборот олишга ўрганган оддий фуқаролар "Oʻzbekiston 24"ни томоша қилиб, президентга ёки ҳукуматга меҳр-муҳаббати ошади, деб ўйлайсизми? Акинча, энсаси қотиб, бу канал «Сусамбил» деган давлатда ташкил қилинганми, деб савол бермайдими? Канал уни очишдан кўзланган мақсадга эмас, балки унинг зиддига, яъни ислоҳотларни халқ орасида обрўсизлантиришга хизмат қилмаяптими?

Хуллас, бу канал давлатга нафақат моддий зарар, балки сиёсий зарар ҳам етказяпти. Янги Ўзбекистонни, Президент Шавкат Мирзиёев сиёсатини обрўсизлантиришга хизмат қилаётгандек, назаримда.

Айб кимда?

Президент журналист эмас; журналистика ёки ахборот сиёсати бўйича мутахассис ҳам эмас. Эҳтимол у, янги канал очинглар, у янги Ўзбекистоннинг янги қиёфасини халқимизга кўрсатсин, деган кўрсатма бергандир. Бу кўрсатмани амалга ошириш, афсуски, эски кадрлар зиммасида қолган. Чунки президентнинг ёнида ахборот сиёсатини ҳануз ўшалар бошқаряпти.

Муаммонинг сабаби битта: Каналга ёппасига эски кадрлар ишга олинди: раҳбариятдан тортиб оддий ходимларгача.

Ишни янги жамоани шакллантиришдан бошлаш керак эди. Янгича фикрлайдиган, журналистиканинг вазифаси нимадан иборат эканини биладиган; сиёсий кадр эмас, профессионал мутахассис бўлган; иложи бўлса, чет эл иш тажрибасига эга одамни раҳбарликка қўйиш керак эди ва унга ўз жамоасини шакллантиришда эркинлик берилиши лозим эди. Майли, эски кадрларни ҳам олсин, фақат танлов асосида, янгича иш талабига жавоб бера оладиганларни.

Жаноб Президент! Янги Ўзбекистоннинг янги зиёли қатлами - блогерлар, ёш журналистлар, олимлар, фаол ижтимоий фуқароларнинг аксарияти сизга ҳануз ишонади, янги Ўзбекистонни қуриш бўйича ниятларингиз самимий эканидан ҳали умидларини узгани йўқ. Бу сизга берилган жуда катта имтиёзли кредит. Бундан унумли фойдаланиб қолиш керак.

Ислоҳотларни эскича услубда ёритиш сизнинг обрўингизга фақат путур етказади. Буни ёнингиздагилар сизга айтмаётган бўлса, блогерлар ва ёш журналистларни олдингизга йиғиб улардан сўранг. Менимча, улар фикримга қўшилади.

Ахборот сиёсатини янги кадрлар қўлига топшириш фурсати келди. Эски кадрлардан воз кечинг. Ёнингизга замонавий журналистика ва PRни тушунадиган йигит-қизларни олинг. Шунда "Oʻzbekiston 24" янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий қиёфаси бўлади; ёки ҳеч бўлмаганда, ишонарли пропаганда воситасига айланади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.