Ўзбекистон аэропортлари халқаро авиақатновларни тиклашга тайёргарлик кўрмоқда

Ўзбекистон аэропортлари халқаро авиақатновларни тиклашга тайёргарлик кўрмоқда

Ўзбекистон аэропортлари меҳмонлар ташрифига қизғин тайёргарликни бошлаб юборди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports ахборот хизмати хабар қилди.

20 дан зиёд хорижий авиакомпаниялар, жумладан, Turkish Airlines, Fly Dubai, Korean Air, Asiana, Air Astana, «Аэрофлот», «Сибир» вакиллари ҳамда «Ўзавиация» агентлиги мутасаддилари ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.

Музокараларда коронавирус пандемияси ва карантин чекловларининг юмшатилишидан кейин хорижий авиакомпанияларнинг ўзаро парвозларни қайта тиклаши ва бу борадаги ҳамкорликни самарали йўлга қўйиши масалалари ҳақида фикр алмашилди.

Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Равшан Исмоилов Ўзбекистон аэропортлари авиаташувларни тиклаш, йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш ва ҳамкорликда фаолият олиб боришдан манфаатдорлигини қайд этди. Шунингдек, у бу борадаги ҳамкорликнинг сайёҳлик ҳамда экспортнинг ривожланишига, инвестициялар жалб қилиниши кучайишига туртки беришини таъкидлади.

Uzbekistan Airports матбуот хизмати хорижлик шериклар ҳам Ўзбекистонга парвозларни қайта тиклашга ҳар жиҳатдан тайёр эканлигини маълум қилди.