Ўзбекистон АЭС қурилиши бўйича чегарадош қўшни давлатлар жамоатчилигининг фикрини ўрганади — ТИВ вазири

Ўзбекистон АЭС қурилиши бўйича чегарадош қўшни давлатлар жамоатчилигининг фикрини ўрганади — ТИВ вазири

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов президентлик сайловлари олдидан Ўзбекистон ва Россия ОАВ вакиллари учун ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда АЭС қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди. Суҳбатнинг тўлиқ матнини ТИВ матбуот хизмати тўлиқ эълон қилди.

«Ўзаро келишувга кўра, бу масала муҳокама қилинмоқда. Бугунги кунда лойиҳа ҳар томонлама ва бир неча йўналишда пухта ўрганилмоқда», — деди вазир. У, шунингдек, АЭС қурилиши ҳақида айрим оммавий ахборот воситаларида турли гап-сўзлар юргани сабабли бу соф иқтисодий лойиҳа эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Яна бир бор таъкидлаймиз — бу сиёсатдан холи, соф иқтисодий лойиҳа. Шунга яраша аниқ иқтисодий асос керак ва лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги исботланиши керак. Бу Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларининг жадал ривожланиши фонида, айниқса, муҳим аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда, жумладан, қуёш, шамол энергетикаси, гидроэнергетика ва бошқа энергетикани ривожлантириш бўйича таклифлар, қолаверса, тўғридан-тўғри инвестициялар тўплами мавжуд», — дея фикр билдирган Абдулазиз Камилов.

Вазир, шунингдек, МАГАТЭ нормаларига мувофиқ хавфсизлик масалалари ҳақида ҳам унутмаслик кераклигини таъкидлаб ўтди.

«Яна бир муҳим, нозик масала бу — юқори технологияли ва кенг кўламли лойиҳа жамоатчилик эътиборидан четда қолиши, шаффоф бўлмаслиги мумкин эмас. Шу сабабли нафақат Ўзбекистон, балки мамлакатимиз билан чегарадош қўшни давлатлар жамоатчилигининг ҳам бу масалага муносабатини ўрганамиз», — деган ТИВ вазири.

«Шундай қилиб, биз ушбу масалаларни ўрганишни давом эттирамиз. Иш, албатта, давом этмоқда. Аммо ҳамма нарса юқоридаги саволларга бериладиган жавобларга боғлиқ бўлади. Шундан келиб чиқиб лойиҳани амалга ошириш ёки оширмаслик бўйича якуний қарор қабул қилинади», — дея сўзларини якунлаган Абдулазиз Камилов.