Ўзбекистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик тарафдори — Абдулазиз Камилов

Ўзбекистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик тарафдори — Абдулазиз Камилов

8 сентябрь куни Афғонистон билан қўшни давлатлар ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг видеоконференция шаклида учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший раислигида ўтказилган йиғилишда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хаджиев иштирок этди.

«Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий боғлиқликнинг муҳим бўғинидир. Шу маънода, Афғонистонни минтақавий интеграция жараёнларига жалб қилиш мамлакат иқтисодиётини тиклашга самарали имконият яратади», — деди Абдулазиз Камилов.

ТИВ раҳбарининг таъкидлашига кўра, Ўзбекистон Афғонистон билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш, бетарафлик ва қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тарафдори.

Шунингдек, худди шу куни Афғонистон бўйича видеоконференцалоқа шаклидаги вазирлар учрашуви бўлиб ўтди.

АҚШ Давлат департаменти ва Германия Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган йиғилишда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларининг ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари ҳамда БМТ, Европа Иттифоқи ва НАТО вакиллари иштирок этди.

Учрашув давомида Афғонистондаги мавжуд вазият, Афғонистон инқирозини ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мамлакат аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.

«Асосий инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш, хусусан, аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини таъминлаш, Афғонистон ҳудудида террористик ташкилотлар фаолият юритишини олдини олиш борасидаги Толибоннинг мажбуриятларини бажариши муҳимлиги қайд этилди», дейилади ТИВ баёнотида.

Абдулазиз Камилов ўз нутқида Афғонистон учун можаролардан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш, жумладан, унинг иқтисодиётини тиклаш, мамлакатнинг минтақавий интеграцион жараёнларга жалб қилиш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратди, дейилади хабарда.