Ўзбекистон АҚШнинг диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан чиқарилди

Ўзбекистон АҚШнинг диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан чиқарилди

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео томонидан диний эркинлик бўйича баёнот эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан (Special Watch List) чиқарилди.

«Сўнгги бир йил ичида ҳукуматлари эришган муҳим, аниқ ютуқларга асосланиб, Судан ва Ўзбекистон махсус кузатув рўйхатидан чиқарилганлигини эълон қилишдан мамнунман. Уларнинг қонунлари ва амалиётдаги жасоратли ислоҳотлари бошқалар учун ўрнакдир», — дейилади Майкл Помпеонинг баёнотида.

Ўзбекистон 2018 йилда диний эркинлик бўйича алоҳида хавотирдаги мамлакатлар рўйхатидан чиқарилди. Мамлакат 2006 йилдан бери ушбу рўйхатда қолиб келаётганди.

Қайд этилишича, АҚШ диний эркинликнинг бузилиши сабабли Тожикистон ва Туркманистонни алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган давлатлар қаторига киритган.

Қора рўйхатга Бирма, Эрон, Хитой, Шимолий Корея, Нигерия, Покистон, Саудия Арабистони ва Эритрея ҳам киритилган. Ушбу мамлакатлар 1998 йилги Халқаро диний эркинлик тўғрисидаги қонунга биноан «диний эркинликнинг мунтазам ва қўпол равишда бузилиши» туфайли алоҳида хавотирга сабаб бўлмоқда.

Маълум қилинишича, Россия, Комор ороллари, Куба ва Никарагуа махсус кузатув рўйхатига киритилган, чунки ушбу мамлакатлар ҳукуматлари «диний эркинликни жиддий бузган».

«АҚШ бутун дунё бўйлаб диний сабабларга кўра юз бериши мумкин бўлган таъқибларни тўхтатиш учун тинимсиз ҳаракат қилишда давом этади», — дейилади баёнот сўнгида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ушбу рўйхатга 2019 йилда киритилганди.