«Ўзбекистон биздан 40—50 йилга олдинга ўтиб кетган» — Садир Жапаров

«Ўзбекистон биздан 40—50 йилга олдинга ўтиб кетган» — Садир Жапаров
 

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Азаттик» радиосига берган интервьюсида ривожланган мамлакатлар бундан юз йил олдин Қирғизистон ҳозир босиб ўтаётган йўлдан ўтганини айтди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар қилди.

Унинг сўзларига кўра, ривожланган мамлакатлар «таълим, маданият ва турмуш даражаси бўйича анча олдинда». Қирғизистон нега бундай вазиятга тушиб қолгани ҳақида гапирар экан, Садир Жапаров Ўзбекистонни мисол тариқасида келтирди.

«Куни кеча Ўзбекистонга борганда кўп нарсани сездим. Ҳатто роса уялдим ҳам. (Биз қирғизлар) 30 йилдан бери бир-биримиз билан сиёсатда келишмай, митинглар ўтказиб, фақат этик тозалайдиган чўтка ишлаб чиқара олибмиз. Фабрика-завод қурмабмиз. Ўзбекистон биздан 40—50 йил олдинга ўтиб кетибди, десам янглишмайман. Майда шурупдан тортиб, самолёт чиқаришгача етиб боришибди», — деди у.

Шунингдек, Садир Жапаров Ўзбекистонга давлат ташрифи ва Президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар натижалари ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, икки давлат раҳбарлари барча чегара масалаларини яқин уч ой ичида ҳал қилишга келишиб олган. Унинг таъкидлашича, томонлар ўртасида жиддий келишмовчиликлар мавжуд эмас ва 24—25 март кунлари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Камчибек Ташиев зарур ҳужжатларни имзолаш учун қўшни давлатга боради.

Президент, шунингдек, сўнгги кунларда жамоатчилик томонидан фаол муҳокама қилинаётган Қирғизистонда жойлашган Ўзбекистоннинг Сўх анклави атрофидаги вазиятга ўз муносабатини билдирди.

«Биз Сўхга рейсларни очамиз, шунингдек, назорат пунктини қайта очишни режалаштирганмиз. Аммо интернетда мухолифатчилар ва ёмон фикрга эга одамлар ‘Сўхга йўлак берилади, йўл очилади ва сув таъминланади’ деган фикрни ёйишни бошлади. Бу нотўғри маълумот. Ункар-Тоо масаласига келсак, Шавкат Мирзиёев очиқчасига айтди, биз ҳудудга дахл қилмаймиз, у сизга тегишли бўлсин, деб», — деди Садир Жапаров.