Ўзбекистон чемпиони Фарғонада жарима майдонидан Jawa мотоциклини ўғирлагани учун суд қилинди

Ўзбекистон чемпиони Фарғонада жарима майдонидан Jawa мотоциклини ўғирлагани учун суд қилинди

Хабарга кўра Ж. Ўзбекистон тумани ИИБ ЙҲХГга қарашли «Шодлик» МФЙ ҳудудида жойлашган жарима майдонида сақланаётган Jawa мотоциклни ўғирлик йўли билан олиб қочишга уринган.

Гумонланувчи 2020 йил 2 сентябрь куни соат 02:00 ларда мотоциклни ўғирлаб олиб чиққан ва йўлда кетаётганда қилган ишидан афсусланиб, ўзи яшайдиган маҳалла профилактика инспекторининг телефон рақамига қўнғироқ қилиб, қилмишини айтиб, айбини бўйнига олган.

Профилактика инспектори тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган, шу тариқа мотоцикл яна жарима майдончасига, Ж. эса қамоққа тушган.

Суд мажлисида сўроқ қилинган Ж. мотоциклларга қизиққани сабабли шу ишни қилгани, уни бир кун ҳайдаб, кейин яна жойига олиб бориб қўймоқчи бўлганини билдирган.

«Мотоцикл эгаси суддан Ж.нинг келажагини барбод қилмасликни, агар у озодликдан маҳрум қилинадиган бўлса, ўша мотоциклини керак бўлса ёқиб юборишини, Ж. содир этган жиноят натижасида ҳеч қандай моддий зарар кўрмагани, уни кечирганини айтиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тайинлашни сўраган», – дейилади хабарда.

Ж. ўзининг жиноий ҳаракатлари билан Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми «г» бандида (транспорт воситасини талон-торож қилиш мақсадида ўғрилик ёки талончилик йўли билан олиб қочиш) кўрсатилган жиноятни қасддан содир этган. У Жиноят кодексида белгиланган модда санкцияси доирасида 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин эди.

Лекин суд Ж.га жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти жабрланувчига зарар етказилмагани, унинг университет талабаси экани, спортда эришган ютуқлари, айбини бўйнига олиш тўғрисида арз ва пушаймонлигини ҳисобга олди.

Шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Фарғона вилоят кенгаши томонидан берилган ижобий тавсифнома ҳисобга олиниб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, модда санкциясида назарда тутилмаган озодликни чеклаш жазоси тайинлаш, Ж.га кеч соат 21:00 дан эрталаб соат 06:00 гача яшаш жойидан чиқмаслик, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш ва ўқиш жойини ўзгартирмаслик каби тақиқларни юклаб, қамоқдан озод қилиш юзасидан қарор чиқарилди.