Ўзбекистон COVID-19 аниқланган чет элликларни киритмайди

Ўзбекистон COVID-19 аниқланган чет элликларни киритмайди

Республика махсус комиссиясининг 17 июлдаги тегишли баёни билан Ўзбекистон чегараларида COVID-19 инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида қатор чоралар белгиланди. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов бу ҳақда маълумот берди.  

Маълум қилинишича, 20 июлдан Ўзбекистон ҳудудига автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келаётган шахсларни ўз маблағлари ҳисобидан экспресс-тест усулида таҳлил топширтириш, натижаси мусбат чиққан чет эл фуқароларини мамлакат ҳудудига киритмаслик жорий қилинди. 

Бунда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган, яшаётган чет эл фуқаролари, Ўзбекистонда яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар мустасно. 

Ушбу категориядаги шахслар мусбат чиққан тақдирда алоҳидаланади.

Сўх тумани, Шоҳимардон, Чўнқара, Тоштепадаги автойўл чегара ўтказиш пунктлари алоҳида ҳудудлар деб юритилиб, Ўзбекистондан транзит тарзида бораётган Ўзбекистон фуқаролари COVID-19’га қарши барча турдаги тест таҳлилларини топширишлари талаб этилмайди. Шунингдек, Қирғизистон фуқаролари ҳам тест таҳлилларини топширишлари шарт эмас.

Ҳаво ва темир йўллари қатновлари Республика махсус комиссиясининг 2021 йил 13 мартдаги 65-сонли баёни асосида давом эттирилади.