Ўзбекистон депутатлари томонидан кимларни биринчи навбатда коронавирусга қарши эмлаш таклиф қилиняпти?

Ўзбекистон депутатлари томонидан кимларни биринчи навбатда коронавирусга қарши эмлаш таклиф қилиняпти?

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Б. Юсупалиевнинг ҳамда инновацион ривожланиш вазири И. Абдураҳмоновнинг “Ўзбекистон Республикасида коронавирус пандемияси даврида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида режалаштирилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитишмоқда.

Таъкидланганидек, аҳолини эмлаш тадбирларига жалб этиладиган тиббиёт ва бошқа ходимлар жорий йилнинг февраль ойи якунига қадар коронавирусга қарши эмлаш масалалари бўйича қайта ва тўлиқ тайёргарликдан ўтказиш режалаштирилган.

Коронавирус пандемиясига қарши курашиш жараёни мамлакатимиз, халқимиз хаёти учун энг муҳим ва долзарб масалалардан бири эканлигидан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Коронавирусга қарши эмлаш, жумладан, вакцинация жараёнининг ихтиёрийлиги, биринчи навбатда эмланиши назарда тутилмаган аҳоли тоифаларини эмлаш, вакцинация натижасида рўй бериши мумкин бўлган салбий оқибатлар каби масалалар билан боғлиқ ҳолатларни қонуний ҳал этиш учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш зарурлиги таъкидланган.

Парламент эшитувида халқ вакиллари кекса ва нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, яъни “Темир дафтар”га киритилган ва ногиронлиги ҳамда сурункали касалликлари бўлган шахслар, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини биринчи навбатда эмлаш ишларини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди, деган таклифни илгари суришган.

Депутатлар таъкидлаганидек, айни кунларда коронавирусга қарши биринчи навбатда вакцина олувчилар рўйхатига журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоат транспорти ходимлари, шунингдек чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар ва меҳнат мигрантлари ҳам киритилганлиги ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мазкур рўйхатни адолатли тарзда қайта кўриб чиқишни тақоза қилмоқда. Мазкур масала юзасидан халқ вакиллари томонидан Ҳукуматга бир қатор таклифлар берилган.

Парламент эшитувида депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришган.

Халқ вакилларининг ҳудудлардаги фаолияти доирасида коронавирусга қарши эмлаш ишларининг ташкил қилиниш жараёнлари устидан ҳам таъсирчан парламент назорати ўрнатилиши айтиб ўтилган.