Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистон фирмаси Россияга ҳарбий ёрдам берганликда айбланиб, АҚШ қора рўйхатида
29.06.2022 13:51,  
464

Байден маъмурияти Хитойда асосланган 25 компанияни қора рўйхатга киритиб, улар билан савдони ман этди. АҚШ Тижорат вазирлигига кўра, бу бизнеслар Россияга ҳарбий ёрдам бериб келаётган фирмалардир. Бу ҳақда «Америка овози» манбаси ёзмоқда.

Вазирликнинг билдиришича, улар Россияга шу йилнинг 24 февралидан олдин, яъни Украинага бостириб кириш арафасида турган давлатга турли воситалар узатган ва ҳозирда ҳам бу борада келишувларга эга. Бу фирмалар федерациянинг Ғарб чекловлари остидаги органлари билан ҳамкор.

Тижорат вазирлиги қора рўйхатга 28 июнь куни жами 36 компанияни киритди. Улар - Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Литва, Покистон, Сингапур, Британия, Ўзбекистон ва Ветнамдаги бизнеслар.

«Қароримиз шундан далолатки, Россияни қувватлаган ҳар қандай тараф ёки шахс Америка нишонида. Биз уларни жазолаймиз», - дейди Тижорат вазирининг Саноат ва хавфсизлик бўйича муовини Алан Эстевез.

Хитойнинг  "Connec Electronic Ltd.", "World Jetta", "Logistics Limited", "King Pai Technology Co., Ltd" ва "Winninc Electronic" каби бизнеслари шулар жумласидан.  "World Jetta"  Гонконгда жойлашган.

Ўзбекистондаги компаниянинг номи «Promcomplektlogistic» бўлиб, Тошкент шаҳридаги хусусий корхона экани қайд этилади. АҚШ Молия вазирлигига кўра, «Promcomplektlogistic» деб ҳам юритиладиган фирма технологик воситалар сотади.

АҚШ Давлат департаментининг тасдиқлашича, «Promcomplektlogistic» шу йилнинг 3 мартида санкция қўйилган «Радиоавтоматика» компанияси билан ишлайди. «Радиоавтоматика» - Россия мудофаа саноати таъминотчиси.

Департаментнинг хулоса қилишича, «Promcomplektlogistic» март ойидан бери «Радиоавтоматика»га санкцияларни четлаб ўтишда ёрдамлашиб келмоқда. Фирма Россияга электроник қисмлар, хусусан микросхемалар етказиб берган.

Очиқ манбаларга кўра, «Promcomplektlogistic»ни Олег Грабилин исмли шахс бошқаради.

«Promcomplektlogistic» хусусий компаниясининг қора рўйхатга киритилиши дунё бўйлаб тижоратчиларга сабоқ ва огоҳлантириш бўлсин: санкцияланган фирма, ташкилот ёки шахс билан бизнес қилсангиз, ўзингиз ҳам санкция билан юзлашасиз», - дейилади департамент баёнотида.

Қора рўйхатга тушган компаниянинг Америка билан олди-бердиси чекланади. Америкада бирор ҳамкори бўлса, у бу бизнесга бирор нарса узатишидан олдин Тижорат вазирлигидан махсус рухсат олиши шарт.

АҚШ Украинадаги уруш сабаб Россия ҳукуматидан кўплаб шахсларни, агентлик ва ташкилотларни, бизнеслар ва олигархларни жазоламоқда. Санкциялар рўйхати узайиб бормоқда.

Оқ уйнинг эслатишича, Вашингтон Россиянинг ҳарбий шерикларини ҳам кузатмоқда ва агар уларнинг ҳамкорлиги уруш билан бирор жиҳатдан боғлиқ бўлса, чора кўрмоқда.

Расмийларга кўра, санкциялар амалиёти изчил назорат остида. Шартлар ва қоидалар бузилса, АҚШ дарҳол кескин жавоб беради, дея огоҳлантиради мутасаддилар.

«Чора кўришдан асло тўхтамаймиз, АҚШ қонунларини бузаётган тараф қаерда бўлишидан қатъи назар», - дейди Молия вазирининг Экспорт бошқаруви бўйича муовини Теа Розман Кендлер.

Хитой ҳукумати ва қора рўйхатга тушган компаниялар ҳозирча Вашингтон қарорига муносабат билдирмаган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан