​​Ўзбекистон ички ишлар органларида бир йил ичида коррупциявий жиноятлар қарийб икки баравар кўпайгани маълум қилинди

​​Ўзбекистон ички ишлар органларида бир йил ичида коррупциявий жиноятлар қарийб икки баравар кўпайгани маълум қилинди

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2021 йилда тушган жами 5 мингга яқин мурожаатнинг 7 фоизи ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан норозилик акс этган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигида «Янги Ўзбекистонни коррупциядан ҳоли мамлакатга айлантиришда бирлашайлик!» мавзусида ташкил этилган анжуманда маълум қилинди, деб хабар беради ЎзА.

Тадбирда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги тизимида содир этилган коррупциявий ҳолатлар таҳлил қилиниб, ушбу иллатга қарши курашиш бўйича кўрилиши лозим бўлган таъсирчан чоралар муҳокама қилинган.

Таҳлилларга кўра, 2020 йилда ички ишлар органларининг 46 нафар ходими коррупциявий жиноятлар содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, 2021 йилда эса ушбу кўрсаткич деярли икки бараварга ортиб, 89 нафар ходим томонидан 119 коррупциявий жиноят содир этилган.

Шундан 47 таси Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 18 таси 209- ва 211-моддалари (мансаб сохтакорлиги, пора бериш), 14 таси 168-моддаси (фирибгарлик), 13 таси 210-моддаси (пора олиш) ва қолган 9 таси бошқа коррупциявий жиноятларни ташкил қилган.