Ўзбекистон иккиламчи бозорида уй-жойлар бир чоракда 5,7 фоизга қимматлашди

Ўзбекистон иккиламчи бозорида уй-жойлар бир чоракда 5,7 фоизга қимматлашди

Марказий банкнинг Пул-кредит сиёсати департаменти мутахассиси Руслан Яковлев Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозори ҳақида умумий маълумотни тақдим этди.

Кўчмас мулк бозори иқтисодиётдаги нархларнинг ҳолати тўғрисида қўшимча маълумот манбаларидан бири, иқтисодий фаолият ва ялпи талаб индикатори ҳисобланади. Шу муносабат билан инфляция ва нархлар ўсишидаги асосий омилларни ўрганиш доирасида Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозорини мунтазам равишда тадқиқ этиш зарурати ўсиб бормоқда, дейилади шарҳда.

Мутахассиснинг таъкидлашича, ишбилармонлик муҳити жонланиши билан кўчмас мулк бозори ҳам ўсишга интилади. Шу билан бирга, уй-жойларга талабнинг ўсиши муайян вақт оралиғидаги олди-сотди операциялари (нотариал идоралар орқали рўйхатдан ўтказилган) сонини қиёсий таҳлил қилиш ёрдамида аниқланади.

Кузатувлар шуни кўрсатмоқдики, апрелдан июнга қадар Ўзбекистонда кўчмас мулк олди-сотди шартномалари бўйича январь-март ойларига қараганда 38 фоиз кўпроқ битимлар тузилган. Уларнинг учдан бир қисми Тошкент ҳиссасига тўғри келади.

 

Тузилган кўчмас мулк олди-сотди битимларининг умумий сонида Ўзбекистон ҳудудларининг улуши. Манба: e-notarius.uz — Адлия вазирлигининг «Электрон нотариус» расмий сайти.

Шу билан бирга, иккиламчи бозорда уй жойлар нархларининг ўсаётгани қайд этилмоқда. Жорий йилнинг II чорагидаги дастлабки натижалар шуни кўрсатмоқдаки, республика бўйича нархлар ўтган чоракка нисбатан ўртача 5,72 фоизга ўсган. Ушбу сезиларли ўсиш Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида кузатилмоқда, деди Руслан Яковлев.

Ўзбекистон ҳудудларида кўчмас мулк учун ўртача нархлар (ҳар квадрат метр учун минг сўм). Манба: uybor.uz ва olx.uz кўчмас мулк платформалари маълумотлари асосида муаллифнинг ҳисоб-китоблари

Пандемия ва карантин давридаги мажбурий чекловлар режалаштирилган харидларнинг кейинроққа қолдирилишига олиб келди («кечиктирилган талаб эффекти»), бу иқтисодиётдаги истеъмолчилик талабининг пасайишига ва жамғарма фаоллигининг ошишига олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди мутахассис.

Бундан ташқари, валюта курсининг нисбий барқарорлашуви шароитида кўчмас мулк бозори, даромад олишнинг муқобил манбаси сифатида, тадбиркорлар ва етарлича жамғармага эга аҳоли қисми учун юқори даромадли сармоя манбасига айланди.

Муаллифнинг фикрига кўра, кўчмас мулк бозори талабгорларнинг фаоллашиши, пойтахтда уй-жой сотиб олишдаги маъмурий тўсиқларнинг бекор қилингани ҳам нархларнинг кўтарилишига таъсир кўрсатди.

Маълумот учун: пандемия даврида барча тартибга солувчи органлар — ҳам ривожланган, ҳам ривожланаётган мамлакатларда — пул сиёсатини мос равишда юмшата бошладилар, бу маблағларнинг активларга, шу жумладан кўчмас мулкка йўналишига сабаб бўлди. Ўсиб борувчи инфляция бутун дунёда инвесторлар ва аҳолини ташвишга соладиган асосий масалага айланганда, кўчмас мулкка ҳимояланган актив сифатида қаралади. Шу сабабли, марказий банклар кўчмас мулк бозоридаги нархларнинг ўзгаришини диққат билан кузатмоқдалар.

Уй-жой бозорининг ҳаддан ташқари юқори баҳоланганини тушуниш муҳим ҳисобланади. Кўчмас мулк ўртача нархларининг мутлақ кўрсаткичи энг паст даражадаги давлатлардан бири бўлса ҳам, ҳаёт даражаси ҳисобга олинса, уй-жойлар нархи МДҲ давлатлари ва Грузияга нисбатан юқорилигича қолмоқда.

Шундай қилиб, Ўзбекистон пойтахтидаги кўчмас мулк ўртача нархининг аҳоли жон бошига ЯИМга нисбати (сотиб олиш қобилияти паритети (СОҚП)да) 12% ни ташкил этади. Бу Москва (Россия) — 15,8% ва Бишкек (Қирғизистон) — 13,4% дан кейинги учинчи энг юқори кўрсаткичдир.

Энг паст кўрсаткичлар Нур-Султон ва Тбилисида — мос равишда 3,3% ва 6,4%ни ташкил этади.

2021 йил май-июнь ойларида дунё шаҳарларида иккиламчи бозордаги уй-жойлар учун ўртача нархлар * (АҚШ доллари). Манба: worldbank.org (СОҚП бўйича аҳоли жон бошига ЯИМ), numbeo.com (уйларнинг ўртача нархи). * Шунга ўхшаш кўрсаткич — кўчмас мулк нархларининг аҳоли жон бошига ЯИМга нисбати, Globalpropertyguide тадқиқот компанияси мутахассислари томонидан дунёдаги кўчмас мулк бозорини таҳлил қилишда фойдаланилади.

Юқоридаги омиллар аҳоли жон бошига даромадлари юқори бўлган мамлакатларнинг пойтахт шаҳарларига нисбатан Тошкентдаги нархларнинг нисбатан юқори эканлигига гувоҳлик бериши мумкин.

Қайд этиш жоизки, пойтахтда кўчмас мулк нархлари сезиларли даражада қиммат бўлишига қарамасдан, мазкур бозордаги нархлар сўнгги 12 ой ичида кескин нарх тебранишларисиз шаклланди.

Қуйида келтирилган диаграмма ўртача нархлар 1 кв м учун 6,4−6,7 млн сўм чегарасида эканини кўрсатмоқда, ўртача нархлар 2−3 фоиз атрофида ўсган.

Тошкент иккиламчи уй-жой бозоридаги нархларнинг блокли диаграммаси (минг сўм). Манба: муаллифнинг dom.vsem.uz кўчмас мулк савдоси сайти маълумотлари асосидаги ҳисоб-китоблари.

Дунё бўйича кўчмас мулк нархларининг ўсиши

COVID-19 га қарши курашиш учун мамлакатлар томонидан белгиланган қатъий чоралар дастлаб уй-жой мулкдорлари харидорларини иккилантириб қўйди ва уй-жой бозори бир муддат тўхтаб қолди.

Бироқ ўтган йилнинг учинчи чорагида шаклланган кечиктирилган талаб туфайли у тиклана бошлади. Шу сабабли бутун дунёда уйлар нархи юқори суръатларда ўсиб бормоқда.

Бундай маълумотлар 2021 йилнинг биринчи чорагида иккиламчи уй-жой кўчмас мулк нархлари индексини янгилаган Knight Frank халқаро консалтинг компанияси томонидан тақдим этилган.

Тадқиқот натижаларига кўра, 12 ой давомида уй-жой кўчмас мулк бозорлари ўзларининг барқарорлигини намойиш этишда давом этишди ва нархларнинг ўртача ўсиши 2021 йилнинг мартигача келиб 7,3% га етди (ўтган йилнинг шу даврида +4,4%, ўтган чоракда + 5,6%).

Дунё бўйича иккиламчи кўчмас мулк бозорларидаги ўртача нархлар (йиллик ўзгариш, %). Манба: Knight Frank Research

Нархларнинг энг кўп йиллик ўсиши Туркияда қайд этилди — 32%, бироқ инфляция ҳисобга олинса, мамлакатда нархларнинг реал ўсиши йилига тахминан 16%ни ташкил этади. Туркиядан ташқари, иккиламчил бозордаги кўчмас мулклар нархи асосан ривожланган мамлакатларда, жумладан, Янги Зеландия (22%), АҚШ (13%), Швеция (13%), Австрия (12%) ва Канадада (11%) кузатилмоқда.

2021 йилнинг биринчи чорагида ўрганиш олиб борилган 56 мамлакатдан 12тасида нархларнинг икки хонали ўсиши кузатилди. Кўчмас мулк бозорида «пуфакчалар» пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун бир неча мамлакат ҳукуматлари нархларни ушлаб туриш чораларини ишлаб чиқмоқдалар.

Масалан, жорий йилнинг январь ойидан бошлаб Хитой, Янги Зеландия ва Ирландия расмийлари вазиятни тартибга солиш учун кредитлаш қоидаларини кучайтириш ва кўп марталик харидлар учун герб йиғими миқдорининг кўтарилиши каби қатор чораларни кўрди. Хитой миллий мулк солиғини жорий этишни ҳам муҳокама қилмоқда. Ҳукуматларнинг аралашуви ва солиқ-бюджет бўйича рағбатлантириш чораларининг кўрилиши натижасида жорий йил сўнгига бориб бир қатор бозорларда талаб секинлашиши мумкин.

Бироқ қайд этиш жоизки, бир қанча йирик иқтисодиётга эга давлатларда кўчмас мулк нархларининг ўсиши секинлашмоқда. Масалан, Италия (1,6%), Ҳиндистон (-1,6%) ва Испанияда (-1,8%) (6-расм) 2021 йилнинг биринчи чорагида бир йил аввалгига нисбатан нархлар ўсиши пастроқ бўлган. Бу ушбу мамлакатларда бугунги кунда янада қатъийроқ чекловлар ўрнатилгани ва ортиқча таклиф мавжудлиги билан изоҳланмоқда.

Айрим давлатларда кўчмас мулкларнинг ўртача нархлари (ўзгариш ўтган чоракка нисбатан %да). Манба: Knight Frank Research

Шарҳдаги маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри бўлиб, Марказий банкнинг расмий позициясига мос келмаслиги мумкин.