Ўзбекистон мактабларида ҳам қишки таътил муддати узайтирилди

Ўзбекистон мактабларида ҳам қишки таътил муддати узайтирилди

Ўзбекистон мактабларида қишки таътил муддати 24 январга қадар узайтирилди. Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Халқ таълими тизимидаги директор, директорнинг ўқув ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ҳамда педагог-ўқитувчиларнинг халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқарилган миллий ўқув дастурлар асосида малакасини ошириш курсларини ташкил этиш, шунингдек, ўқувчи-ёшлар ўртасида мавсумий грипп касаллиги кескин кўпайишининг олдини олиш мақсадида қишки таътил кунлари 2022-йил 24 январга қадар узайтирилган.

Таътил кунлари давомида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида улар учун онлайн фан олимпиадалари, интеллектуал ўйинлар, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган беллашувлар ва турли танловлар ташкил этилади. Бундан ташқари, халқ таълимининг ижтимоий тармоқлари ҳамда Миллий телерадиокомпаниянинг телеканаллари орқали турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади.