Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида электрон чиқиндилар бўйича етакчилардан бири — БМТ

Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида электрон чиқиндилар бўйича етакчилардан бири — БМТ

БМТ экспертлари томонидан олиб борилган тадқиқот сўнгги ўн йил ичида МДҲ давлатлари ва Грузия полигонларида импорт қилинадиган электроника ҳажми деярли ўзгармаганига қарамай, электрон чиқиндилар миқдори деярли бир ярим баравар кўпайганини кўрсатди. Бу ҳақда «ТАСС» агентлигига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

«Электрон чиқиндиларни йўқ қилиш МДҲ мамлакатлари иқтисодиётига кўп фойда келтириши мумкин. Масалан, 2019 йилнинг ўзида 10 тоннадан ортиқ олтин, ярим тонна ноёб тупроқ металлари, бир миллион тонна темир, 85 минг тонна мис ва 700 тонна кобалт чиқиндихонага утилизация қилинди. Бу материалларнинг барчасининг нархи 2,6 миллиард доллардан ошади», — дейди тадқиқот муаллифларидан бири, БМТ университетининг етакчи тадқиқотчиси Кис Бальде. Тадқиқотга кўра, бу чиқиндиларнинг атиги 3,2 фоизи қайта ишланади.

Электрон чиқиндиларга эскириб, кейин чиқиндихонага тушган электрон қурилмаларнинг таркибий қисмлари киради. Қоидага кўра, бундай чиқиндиларда олтин, литий, кобалт ва бошқа элементларнинг нисбатан катта миқдори сақланиб қолади, уларнинг захиралари Ерда чекланган.

Янги тадқиқотда Бальде ва унинг ҳамкасблари МДҲнинг 11 давлати ва Грузиядаги электрон чиқиндилар миқдори деярли 1,5 баравар ошганини кўрсатган.

Россиядан ташқари уларнинг аксарияти Украина, Қозоғистон ва Ўзбекистонда. Бу чиқиндиларнинг атиги 3,2 фоизи, яъни 79 минг тоннага яқини қайта ишланган.

Электрон чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари бор-йўғи тўртта давлатда — Беларусь, Қозоғистон, Россия ва Украинада мавжуд. Уларнинг аксарияти Беларусда бўлиб, у ерда тўпланган электрон чиқиндиларнинг тахминан 33 фоизи қайта ишланади. Бошқа барча мамлакатларда бу кўрсаткич 5−10 фоиздан ошмайди ёки бутунлай нолга тенг.

«Бундай чиқиндиларни қайта ишлаш билан боғлиқ вазият барча МДҲ мамлакатларида бундай бизнес учун ҳуқуқий асос ишлаб чиқилмагани сабабли мураккаблашади. Хусусан, Арманистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда бундай нормалар йўқ», — дейилади хабарда.

Бальде ва унинг ҳамкасблари Грузия ва МДҲ давлатлари расмийларини бундай бўшлиқларни бартараф этишга ва электрон чиқиндиларнинг тўпланиши ҳамда уларни қайта ишлашни кузатишни осонлаштирадиган шарт-шароитларни яратишга чақирмоқда. Бу орқали бир вақтнинг ўзида бундай чиқиндилардан барча қимматбаҳо материалларни ажратиб олиш, табиатни электроника ишлаб чиқаришда қўлланиладиган симоб, кадмий ва бошқа заҳарли моддалар тўпланишидан ҳимоя қилиш мумкин бўлади, дея хулоса қилди олимлар.