Ўзбекистон мусулмонлари идораси карантин шароитида ҳайитни нишонлаш бўйича тавсиялар берди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси карантин шароитида ҳайитни нишонлаш бўйича тавсиялар берди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси ва Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда жума намози ўрнига уйда пешин намозини, беш вақт намоз ва Рамазон ойидаги таровиҳ намозини уйда ўқиш ҳақидаги тавсиялар айни Рамазон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.

Рамазон ҳайити кунлари эпидемик ҳолат мавжудлиги ва одамларнинг ҳаётига хавф сақланиб қолиши сабабли жума ва бошқа намозлар каби Ийд намозини ҳам жамоат бўлиб ўқишнинг иложи бўлмайди.

Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намози адо этиш соқит бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши карантин шароитида Рамазон ҳайитини нишонлаш бўйича қуйидаги тавсияларни тақдим этади:

1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши фатвоси асосида масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлади. Юртдошларимизга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади.

2. Уламолар ва имом-хатиблар томонидан бугунги вақтинчалик қийинчиликларга қарамасдан, Рамазон ҳайити ҳар доимгидек хонадонларимизга, дилларимизга қувонч, юртимизга файзу барака кириши, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда бўлишига сабаб экани тўғрисида, оммавий ахборот воситалари, теле, радиоканаллар, босма ва электрон нашрларда кенг кўламли тарғибот ишлари амалга оширилади.

3. Ҳайит арафасида ва байрам кунлари ёши улуғ кексаларимиз ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатларимиз билан боғлиқ анъаналаримизни карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш тавсия этилади.

4. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкенг шаҳри ва вилоятларнинг марказларида “Рамазон ҳайити – хайру саховат айёми”, “Рамазон ҳайити – хурсандчилик мавсуми”, “Ийдул фитр – катта шодиёна” мазмунидаги ёзувлар пешлавҳалари жойлаштирилади.

5. 2020 йил 24 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Рамазон ҳайити табриги юртимиз аҳлига етказилади. Ушбу табрикдан сўнг энг табаррук уламолар томонидан Рамазон ҳайити фазилатлари тўғрисида телевидения орқали интервьюлар тизимли равишда давом эттирилади.

6. Рамазон ҳайити арафасида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, ҳомийларни жалб этган ҳолда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг қамровли амалга оширилади.

7. Рамазон ҳайити арафасида барча телеканаллар орқали эфирга узатилиши режалаштирилган кўрсатувлар Медиа-режаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари ҳамда халқимиз орасида обрўли диний уламоларимиз томонидан ташкил қилинади ва кенг ёритилади.

8. Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари томонидан ижтимоий тармоқлар орқали, “Рамазон ҳайити муборак бўлсин!” мавзусидаги маърузаларни Рамазон ҳайити куни онлайн тарзда бериб бориш ташкил этади.