Ўзбекистон орқали эвакуация қилинаётган афғонистонлик ҳомиладор аёл фарзандли бўлди

Ўзбекистон орқали эвакуация қилинаётган афғонистонлик ҳомиладор аёл фарзандли бўлди

Бугун бутун дунёнинг диққати Ўзбекистоннинг жанубий қўшниларидан бўлган Афғонистон минтақасига қаратилган. Мамлакатдаги ҳукумат алмашиш жараёнлари фонида кўплаб давлатлар ўз фуқароларини ҳамда афғонистонликларни эвакуация қилишга киришган. Ўзбекистон ушбу жараёнлар учун ўз ҳаво йўлларини очиш орқали инсонларни Афғонистондан хавфсиз кўчиришга ҳисса қўшмоқда. Шу билан бирга Тошкент аэропортига қўнган инсонларнинг саломатлигини назоратга олишда ҳам жонбозлик кўрсатилмоқда.

Афғонистондан парвозлар амалга оширилаётган аэропортнинг ўзида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббий пункт ташкил этилган бўлиб, унга тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари ҳамда Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясидан бригада навбатчилари жалб этилган. Тиббий ёрдамга эҳтиёж сезган инсонларга зарур хизматлар кўрсатилмоқда.

Куни кеча 1999 йилда туғилган афғонистонлик фуқаро Э. А. «Ҳомиладорлик 1. Туғруқ 1. 39-40 ҳафта.» ташхиси билан тез тиббий ёрдам бригадаси орқали И.Иргашев номидаги Тошкент шаҳар 4-сон клиник шифохонасининг туғруқ бўлимига ётқизилган эди.

Кеча оқшом ушбу муассасада 22 ёшли Э.А. илк фарзандини дунёга келтирди. Афғонистонлик ёш она 3 килограмм 840 грамм вазн билан туғилган ўғлини ўзбек шифокорлари ёрдамида қўлига олди. У маълум муддат мутахассислар назоратида бўлиб туради.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.