Ўзбекистон қамоқхоналарида намоз ўқиш ва рўза тутиш бўйича чекловлар борми?

Ўзбекистон қамоқхоналарида намоз ўқиш ва рўза тутиш бўйича чекловлар борми?

Ўзбекистон жазони ижро этиш муассасаларида диний ҳуқуқ ва эркинликлари борасидаги чекловлар 2016 йилдан бекор қилинган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Жазони ижро этиш бош бошқармаси Тарбиявий ва ижтимоий психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Жамшид Султонов маълум қилди.

Жамшид Султонов, Жазони ижро этиш бош бошқармаси Тарбиявий ва ижтимоий психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи, подполковник:

«Ўзбекистон қамоқхоналарида бугунги кунда дин бўйича чекловлар йўқ. 2016 йил Шавкат Мирзиёев Президент бўлганидан кейин жазони ижро этиш муассасаларида намоз ўқиш ва рўза тутишга рухсат берилган. Агар диний экстремистик оқимлар ёки диний ташкилотлар томонидан конституциявий тузумга қарши жиноят содир этиб, қамалган маҳкумлар назарда тутилаётган бўлса, бугунги кунда маҳкумлар ўртасида ҳеч қандай чекловлар йўқ».

Таъкидланишича, жазони ижро этиш муассасаларида фақатгина ислом динига мансуб маҳкумлар жазони ўтамаслигини инобатга олиб, маҳкумлар кун тартибини бузмаган ҳолда бемалол ибодат билан шуғулланиши мумкин.

Жамшид Султоновнинг айтишича, маҳкумларнинг диний ҳуқуқ-эркинликлари бўйича аввал бундай тақиқлар бўлган.

«Ҳозир очиқ ва шаффоф даврда маҳкумлар ўзи хоҳлаган динга эътиқод қилиши мумкин ёки уларнинг эътиқод қилмаслик ҳуқуқи ҳам тўлиқ кафолатланган», – деди у.