Ўзбекистон қатъий карантинга қайтадими? – Нурмат Отабеков билан суҳбат

Ўзбекистон қатъий карантинга қайтадими? – Нурмат Отабеков билан суҳбат

Мамлакатимиз аҳли сўнгги ҳафтани хавотирда ўтказгани рост. Худди ўтган йилгидек 15 мартда коронавирус балоси яна бош кўтаргани кўпчиликни ўйлантириб қўйди. Қатъий карантин қайта йўлга қўйилиш эҳтимоли қай даражада? 

Агар карантин қайтарилса, олдинги усуллар қўлланиладими? 

Шу ва бошқа қатор саволларга жавоб олиш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков билан суҳбат қилди.

– Бугун кўпчиликни қийнаётган савол – қатъий карантинга қайтиладими? Агар қайтилса, ундаги чоралар ўтган йилдагидек бўладими?

– Бугун карантин қоидаларини ўтган йилгидек қатъий ва кескин даражада қайта тиклашга бирор асос йўқ. Сабаби, касалланиш кўрсаткичлари сўнгги 3 ой ичида паст даражаларда бўлиб келди, ҳозир бирмунча юқори бўлса ҳам, бу карантин чекловларини кучайтиришга асос бўладиган даражада эмас. Негаки касалланиш Тошкент ҳудуди кўпроқ қайд этилаяпти. Бу ҳудудда ҳам болалар улуши ортяпти. Ўтган йили коронавирус пандемияси даврида умумий касалланишлар орасида болалар улуши 5-7 фоиз бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 25 фоиздан ортиб кетди.

Шунинг учун ҳам Тошкент шаҳрининг айрим туманларидаги мактаблар таълими онлайн тартибига ўтказилди. Ҳозир таътил давом этаяпти ва уларнинг якунига қадар биз касалликнинг тарқалиш занжирини узишга муваффақ бўлишни режалаштираяпмиз. 

Мабодо вазият ижобий томонга ўзгармаса, таътиллар муддатини узайтириш масаласини ўйлаб кўрамиз. 

Бир нарсага аниқлик киритиб олишимиз керак – карантин ҳали бекор қилингани йўқ, энг муҳим ва бирламчи ҳимоя усуллари ҳамон амалда.

Шунчаки биз ўзимизни жуда бўш қўйиб юбордик, коронавирус ҳамон ёнимизда эканлигини унутдик, ўзимизни гўё касалликдан қутилгандек тута бошладик. Бу эса натижасини бермай қолмади – касалликка чалиниш ҳоллари кўпая бошлади.  Шу пайтда махсус комиссия қарорига биноан эпидемик вазият мураккаблаша бошлаган Тошкент шаҳрида карантин чоралари яна бир бор эслатиб қўйилди. Бу эслатмаларни ўтган йилгидек қатъий карантинга қайтиш деб баҳолаш ноўрин.

Энди ўтган йил билан бошқа жиҳатларни солиштирадиган бўлсак, 2020 йилда коронавирус нафақат бизга, балки бутун инсониятга номаълум касаллик эди, уни самарали даволаш, чеклаш ва ҳимояланиш усуллари тўла ўрганилмаган эди.

Бу йилга келиб ҳам тиббиёт тизими, ҳам аҳоли коронавирус хавфини яхши тушуниб олди ва ундан ҳимояланиш чораларини ҳам яхши билади. Агар бу йил ҳам карантин жорий қилинадиган бўлса, ўтган йилгидан фарқ қилади. Ўтган йили карантинда татбиқ этилган чеклов тадбирлари номаълум касалликка қарши курашиш учун бўлган бўлса, энди у ҳақида тўлиқ тасаввурга эгамиз.

Нафақат Covid-19’нинг ўзи, балки унинг мутацияга учраган штаммлари ҳақида ҳам биламиз. Шу боис бизда ўзига хос огоҳлик, ҳушёрлик иммунитети шаклланди. 

Қолаверса, аҳолининг маълум бир қатлами ушбу вирусга чалиниши оқибатида иммунитет ҳосил қилди. Демак кўриладиган чоралар ҳам ўтган йилгидан фарқ қилади, қатъий карантин ҳолатига қайтилади, деб ўйламайман. 

– Британча штаммнинг кириб келиши ҳам кўпчиликни саросимага солди. Айни пайтда коронавируснинг бу штамми алоҳида ўрганилаяптими?

– Бугунга қадар коронавируснинг 5 мингдан ортиқ штаммлари, мутацион вариантлари аниқланган. Ҳозирги кунда инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан секвинирлаш йўли билан британча ёки бошқа штамм эканлигини аниқлаш мумкин. Ҳозирда ҳам ҳар бир ҳолатда илғор технологиялар марказида таҳлил қилинаяпти.

Лекин британча, африкача ёки бразилча штамм бўлишидан қатъи назар ундан ҳимояланиш, профилактика чора-тадбирлари ва даволаш усуллари ўзгармайди. Халқимизда бир нақл бор – “Ёқиб юбориладиган кўрпани тозалаб ўтириш шарт эмас”, дейилади. Демак қарши курашдаги усулларимиз ўзгармас экан, унинг қандай штамм эканлигига урғу бериб, ортиқча вақт ва ресурс сарфлашнинг ҳожати йўқ. 

Касалликнинг болаларда учраётгани ва тез тарқалаётгани британча штамм тарқалаётганининг яққол омилидир. Бунинг ўрнига умумэътироф этилган профилактика чора тадбирларга кенгроқ эътибор бериш керак.