Ўзбекистон Қирғизистонга минглаб гектар ер майдонини бериши мумкин

Ўзбекистон Қирғизистонга минглаб гектар ер майдонини бериши мумкин

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 24-25 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукумат делегацияларининг учрашувлари натижаларини тақдим этди. Бу ҳақда "kg.akipress" хабар берди. 

Келишув шартларига кўра, Кампиробод сув омборининг тўғони Ўзбекистон ихтиёрига ўтади. Сув омборининг ресурсларидан эса биргаликда фойдаланилади.  

Ташиевнинг таъкидлашича, томонлар лойиҳа чизиғининг Кампир-Обод (Андижон) сув омбори ҳудудида 900 горизонтал остидан 312-рақамли чегара нуқтасидан 312/3-рақамли чегара нуқтасигача ўтиши тўғрисида келишиб олишган. Қуйидаги шартлар бажарилса тўғон Ўзбекистон ҳудудида қолади:

  • Кампир-Обод сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисида ҳукуматлараро келишувни имзолаш. Бунда, уни 900 горизонталдан юқорига тўлдирмаслик керак бўлади, фавқулодда вазият бундан истисно;
  • Ўзбекистон томони Қирғизистон фуқароларини сувдан эркин ва тўсиқларсиз фойдаланишини таъминлаши керак бўлади. Бунга балиқчилик, суғориш, ҳайвонларга сув бериш ва бошқалар киради;
  • Ўзбекистон томони сув омбори «пиёласи»нинг атрофида муҳандислик-техник қурилмаларни ўрнатмаслик мажбуриятини олади.

Қамчибек Ташиевнинг маълум қилишича, демаркация жараёнида Ўзбекистон Андижон вилоятининг Ўш вилояти Узген тумани ва Жалол-Обод вилоятининг Сўзак туманлари билан чегарадош ҳудуддаги 304 ва 312-рақамли чегара нуқталари оралиғидаги 1000 га ерни товон сифатида Қирғизистонга топширади.

Шу муносабат билан, томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистон сув хўжалиги ташкилотларига Кампир-Обод сув омборининг сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш ва бошқариш бўйича ҳукуматлараро келишув лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғини беришди.

Шунингдек, томонлар Шахрихонсой каналининг ҳудудларини (чап томони), 312 ва 312/3 чегара нуқталари ҳудудидаги Андижон сув омбори тўғонини, каналдан тўғон ўртасигача, Ўзбекистонга 50 га ерни қолдириб, хатловдан ўтказишга келишиб олишган.

Ўзбекистон томони демаркация жараёни давомида Андижон вилояти ва Ўш вилояти Узген тумани билан чегарадош ҳудудда 304 ва 312-рақамли чегара нуқталари орасидаги 50 га ерни Қирғизистонга товон сифатида топширади.

Ўрта-Тўқай (Косонсой) сув омбори қурилиши учун ажратилган ерларнинг товони сифатида Кўк-Серек (Қорақўрғон) ҳудуди хатловдан ўтказилади, бунда 23 ва 24-рақамли чегара нуқталари орасидаги 105 га ер Қирғизистон ҳудудида қолади.

Икки мамлакат қуйидаги ҳудудларни ҳам хатловдан ўтказишга келишиб олишди:

  • Баястан ҳудуди, 81 ва 82-рақамли чегара нуқталари орасидаги 212 га ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
  • Савай ҳудуди, 312/4 ва 312/6-рақамли чегара нуқталари орасидаги 100 га ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
  • Ункар-Тоо ҳудуди, 113 ва 114-рақамли чегара нуқталари орасидаги 35 га ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
  • демаркация вақтида Белес ҳудуди қайта хатловдан ўтказилади, 25 ва 27-рақамли чегара нуқталари орасидаги 25 га ер Қирғизистон ҳудудида қолади;
  • қўшма дала тадқиқотларидан сўнг Гавасой ҳудуди хатловдан ўтказилади, бунда Кампир-Обод каналининг қурилмаган чап соҳили эвазига Қирғизистонга 8000га ер қолдирилади.

Бундан ташқари, томонлар Чашма булоғикдан биргаликда фойдаланиш бўйича ҳукуматлараро келишув лойиҳасини тайёрлашади. Томонлар ишчи гуруҳларга қўшма дала тадқиқотларини ўтказшини ва юқорида келтирилган ҳудудларни хатловдан ўтказиш бўйича таклиф тайёрлаш учун топшириқ беришди.