Ўзбекистон Режеп Таййип Эрдоғаннинг ташрифига тайёргарлик кўрмоқда

Ўзбекистон Режеп Таййип Эрдоғаннинг ташрифига тайёргарлик кўрмоқда

Бу ҳақда бугун, 23 апрель куни хорижий давлатларнинг мамлакатимизга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш маросимида маълум қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Туркия Республикаси элчиси Олган Бекарни ҳам қабул қилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Президенти олий даража ўтказилаётган мунтазам ва самарали мулоқотлар туфайли Туркия билан стратегик шериклик муносабатларида эришилган бугунги даражани юқори баҳолади.

Қайд этилишича, бугун ишончга асосланган сиёсий мулоқот қарор топди. Пандемияга қарамасдан делегациялар билан алмашинув фаол давом этмоқда. Хусусан, кейинги ойларда Туркия ташқи ишлар ва савдо вазирлари бошчилигидаги делегациялар ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Туркиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида йирик савдо, инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ҳудудлараро мулоқотлар йўлга қўйилди, таълим, маданият ва кино соҳаларида қўшма дастур ва тадбирлар муваффақиятли ўтказилмоқда.

Бўлажак саммитларга – Туркий кенгашнинг Истанбулдаги навбатдаги йиғилиши ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга расмий ташрифига тайёргарлик кўрилмоқда.