Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Россия Федерацияси Бош прокурори Игорь Краснов билан учрашуви бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Россия Федерацияси Бош прокурори Игорь Краснов билан учрашуви бўлиб ўтди

Бугун Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевнинг Россия Федерацияси Бош прокурори Игорь Краснов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўз ҳамкасбини қутлагани ҳолда, Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон ва Россия Бош прокуратуралари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари серқирра ва динамик тавсифга эгалигини қайд этди.

Учрашув давомида Россия делегацияси вакилларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев бошчилигида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек Ўзбекистон прокуратура органларининг фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

Тарафлар ўзаро манфаатли бўлган кенг қамровли масалаларни муҳокама қилдилар ва идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашдилар.

Хусусан, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, коррупцияга қарши кураш соҳаларида тажриба алмашиш ҳамда прокуратура органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.

Учрашув якунида кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Россия Федерацияси Бош прокуратураси ўртасида илм-фан ва таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум ҳамда 2021-2023 йилларга мўлжалланган идоралараро ҳамкорлик Дастури имзоланди.

Ушбу ҳужжатларнинг амалда татбиқ этилиши ҳуқуқий соҳада ахборот ва илғор тажриба алмашиш орқали икки томонлама шерикликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.

Тадбир якунида Ниғматилла Йўлдошев Игорь Красновга ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик изҳор қилди ва “Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг фахрий ходими” кўкрак нишони билан тақдирлади.