Фуқаролик кодексига қандай янги қоидалар киритилмоқда? АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида жавоб берилди:
ер участкасини фақат олди-сотди қилиш орқали эмас, балки қурилиш қилиш ҳуқуқи, узуфрукт (шахсий фойдаланиш ва эгалик қилиш ҳуқуқи) каби ашёвий ҳуқуқларнинг янги турлари орқали иқтисодий муносабатларга киритиш қоидаларини жорий этиш;
тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан ҳам амалга ошириш қонун ҳужжатлари билан назарда тутилиши мумкинлиги ҳақида қоида киритиш;
қарз, топшириқ ва бошқа бир қатор кенг тарқалган муносабатлар учун оғзаки шартнома тузилишига имкон бериш;
бой берилган фойда, маънавий зиённи ҳисоблаш мезонларини аниқ белгилаш;
суғурта муносабатларида мижозлар ҳуқуқларини ҳимоясини кучайтириш мақсадида суғурта ташкилотини зарарни қоплаш мажбуриятидан озод қилиш асосларини камайтириш;
фуқаронинг тасвиридан (фотосурат, видеоёзув ва бошқ.) унинг розилигисиз фойдаланилганда, унинг шахсий ва оилавий ҳаёти тўғрисидаги ҳар қандай ахборот тарқатилганда фуқаронинг ҳимоясини таъминлаш усулларини белгилаш.