Ўзбекистон Россиядан темир йўл қатновини тиклашни сўради

Ўзбекистон Россиядан темир йўл қатновини тиклашни сўради

Ўзбекистон ва Россия ҳукумати раҳбарлари ўртасида учрашув ўтказилди. Бу ҳақда Россия ҳукумати Матбуот хизмати хабар берди.

Бош вазир Абдулла Арипов россиялик ҳамкасби Михаил Мишустинга икки давлат ўртасида мунтазам авиарейсларни оширишга қарор қилингани учун миннатдорлик билдирди ва ушбу йўналишда ўзаро қатновлар сонини карантин талабларига риоя қилган ҳолда ҳафтасига 14 тагача оширишни таклиф қилди. Шунингдек, талабгир йўналишларда босқичма-босқич темир йўл қатновини тиклашни илгари сурди.

Абдулла Арипов Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар темир йўл коридори қурилишига рус компаниялари қизиқиш билдираётгани муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари ўз нутқида икки давлатнинг божхона ва фитосанитар органлари томонидан “Агроекспресс” мунтазам маршрут поездини йўлга қўйишни тезлаштириш зарурлигини қўшимча қилди.

Қайд этилишича, “яшил йўлак” тамойили асосида ҳаракатланувчи ушбу поездда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиш муддати 5 кундан ортмайди.