Ўзбекистон Россиянинг “Sputnik V” вакцинасини ишлаб чиқаришни бошламоқчи

Ўзбекистон Россиянинг “Sputnik V” вакцинасини ишлаб чиқаришни бошламоқчи

Ҳозирда Ўзбекистонга қайси вакциналар келтирилган? Улардан фойдаланиш жараёнлари қандай кетмоқда? Уларнинг яроқлилиги, хавфсизлиги ва сифати юзасидан лаборатор текширишларнинг бориши ҳақида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев ССВ Матбуот хизматига маълумот берди:

— Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Россия Федерасиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси билан “Sputnik V” вакцинаси бўйича мунтазам мулоқотлар амалга оширмоқда. 

Мазкур жамғарманинг масъул ходимлари ушбу масалада Ўзбекистонга ташриф буюриб, 100 доза ваксинасини олиб келишди. Ушбу ваксина -20 ℃ ҳароратда сақланишни талаб этади. Вакцина 3 мл флаконда 5 дозадан қадоқланган бўлиб, бир нафар фуқарога 0,5 мл миқдорида эмлаш тавсия этилган. 

Бугунги кунда ушбу вакцинанинг Россия Федерасиясида 12 минг нафар кўнгиллида ўтказилган 3-клиник синов босқичлари натижалари бўйича маълумотлар маҳаллий мутахассислар томонидан ўрганилмоқда. Шунингдек, 25 минг нафар кўнгиллида ўтказилган синовлар натижалари тўғрисида маълумотлар Россия Федерасияси томонидан тақдим этилиши кутилмоқда.  

“Sputnik V” ваксинасини юртимизга олиб келиниши, рўйхатдан ўтказилиши, эмлаш жараёнига тайёргарлик кўриш, тиббиёт ходимларни ўқитиш, вакцинасияни бошлаш тадбирларини ўз ичига қамраб олган йўл харитаси ишлаб чиқилган бўлиб, уларни ҳамкорликда амалга оширилишини инобатга олган ҳолда имзолаш учун Россия Федерасиясига юборилган.

Ҳозирда ушбу вакцинанинг яроқлилиги, хавфсизлиги ва сифати юзасидан лаборатор текширишларини ўтказиш мақсадида Россия Федерасиясининг ишлаб чиқарувчиларидан махсус текширув тестлари ва реагентлар сўралган. Ушбу реагентлар ва тестлар келгандан сўнг, қисқа муддат ичида текширувлар ўтказилиб, вакцина яроқлилиги ва хавфсизлиги тўғрисида хужжат тақдим этилади ва уни республикамизда ишлатиш мумкинлиги тўғрисида ҳулоса қилинади. 

Бир вақтнинг ўзида “Sputnik V” ваксинасини тезкор сертификасиялаш масаласи устида ишланмоқда ва Ўзбекистонда вакцина ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

Шунингдек, Баҳодир Юсупалиев юртимизда синов жараёнида бўлган Хитой вакцинаси бўйича ҳам тўхталиб ўтди:

— Хитойнинг "Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси томонидан ишлаб чиқилган янги коронавирус рекомбинант вакцинасини хавфсизлиги ва "COVID-19" инфексиясини олдини олишдаги самарадорлигини аниқлаш мақсадида 5000 нафар кўнгиллилар орасида 3-босқич клиник тадқиқотлари ўтказилмоқда. 

Юртимизга 8 нафар хитойлик мутахассис ташриф буюришган ва айни пайтда 3133 нафар кўнгиллида ваксинасиянинг клиник синовлари амалга оширилган, ножўя таъсирлар кузатилмаган.

Вазир ўринбосарининг маълум қилишича, жараёнлар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати қошида иммунизасия тадбирлари олиб бориш мақсадида юқори малакали мутахассислардани иборат штаб фаолият кўрсатмоқда:

— Республикамизда коронавирус инфексияси бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг барча тизимлари ўртасидаги ҳамкорликни ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, аҳоли орасида касалликни ўз вақтида аниқлаш, даволаш ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тадбирлар давом эттирилмоқда, — дейди Баҳодир Юсупалиев.