Ўзбекистон ССВ карантин чекловлари тугатилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Ўзбекистон ССВ карантин чекловлари тугатилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда яқинда Республика махсус комиссия томонидан киритилган карантин чекловлари тугатилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу хабарлар асоссиз эканини таъкидлади.

Республика махсус комиссияси томонидан бир қатор чекловлар билан бирга кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар муассасаларнинг 8:00 дан 20:00 гача ишлашига рухсат берилган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, ушбу тартиблар Республика махсус комиссияси томонидан маълум бир муддат учун қабул қилинган эмас, яъни эпидемиологик вазият барқарорлашганда ушбу чекловлар бекор қилинади. Аммо ҳозирда уларга ҳеч қандай ўзгариш киритилмаган.

«Агар карантин қоидаларига оид бирор ўзгариш киритилса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий саҳифалари орқали эълон қилинади. Шундай экан, юртдошларимиздан ва айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан асоссиз ва тасдиқланмаган хабарлар тарқатмасликларини сўраб қоламиз», – дейилади вазирлик хабарида.