“Ўзбекистон темир йўллари” Қозоғистон корхонасидан 44,5 минг доллар ундирди

“Ўзбекистон темир йўллари” Қозоғистон корхонасидан 44,5 минг доллар ундирди

Қозоғистоннинг “KZ-Экспорт 2018” корхонасидан ҳисобидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ фойдасига 44 580 АҚШ доллари миқдорида зарар ундириб берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига унинг аъзоси “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мурожаат қилиб, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўраган.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мурожжати ўрганиб чиқилганда жамият ва Қозоғистон Республикасида фаолият юритувчи “KZ-Экспорт 2018” корхонаси ўртасида юк вагонларини ижарага бериш шартномаси имзолангани, Қозоғистон корхонаси томонидан шартнома бўйича мажбуриятлар керакли даражада бажарилмагани, яъни юк вагонлари ўз вақтида қайтарилмагани оқибатида жамиятга моддий зарар етказилгани аниқланган. 

Қозоғистон корхонаси шартнома шартларини етарли даражада бажармагани оқибатида ҳисобланган жарима маблағларини ундириш юзасидан Савдо-саноат палатаси томонидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилинган.

Тошкент шаҳар иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан Палатанинг даъво талаблари қаноатлантирилиб, Қозоғистон корхонаси ҳисобидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ фойдасига 44 580 АҚШ доллари миқдорида зарар ундириб берилгани маълум қилинди.