Ўзбекистон ва Афғонистон таълим соҳасида ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон ва Афғонистон таълим соҳасида ҳамкорлик қилади

Имзоланган меморандумда ҳар икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик қилиш, жумладан, ўқув материаллари билан алмашиш, таълим тадбирларида ҳар икки мамлакат мутахассисларининг ўзаро иштирокини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларида ўзаро ҳамкорлик қилиш ва илмий журналларда нашр ва мақолаларни биргаликда тайёрлаш шартлари ҳамда тартиби белгиланди.

Таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш ва икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни янада кенгайтириш бўйича келишувга Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Афғонистонга шу йилнинг октябр ойида амалга оширилган ташрифи чоғида эришилди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Сурхондарё вилояти Термиз туманида Афғонистон фуқароларини ўқитиш маркази фаолият юритмоқда. 2018-2019 ўқув йили давомида марказда 96 нафар талаба “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича таҳсил олиб, барчаси Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг бакалаври даражасига эга бўлишди.

Ҳозирги кунда марказда 172 нафар, жумладан, “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича 119 нафар, “Ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси” йўналиши бўйича 35 нафар, “Акушерлик, гинекология ва ҳамширалик иши” йўналиши бўйича 18 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Бундан ташқари, шу йилнинг декабр ойида Афғонистондан 10 нафар талабанинг Европа иттифоқи кўмаги ва молиялаштириши асосида қишлоқ хўжалиги йўналишида таҳсил олиш учун келиши режалаштирилган.