Ўзбекистон ва Қозоғистон Бош вазирлари нималарга келишиб олишди?

Ўзбекистон ва Қозоғистон Бош вазирлари нималарга келишиб олишди?

Туркистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг XIX йиғилиши ҳамда Ҳудудлараро ҳамкорлик III форуми бўлиб ўтди.

Охирги беш йил ичида Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокидаги корхоналар сони қарийб 6 баробар ошиб, 1048 тага етди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сўнгги 4 йилда қарийб 60 фоиз ўсиб, йилига 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг топшириқларига асосан Ҳукуматлар раҳбарлари зиммасига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2022 йилда 5 миллиард долларга, кейинги 5 йилда эса 10 миллиард долларга етказиш бўйича вазифа юклатилган.

Ушбу мақсадга эришиш учун қўшма улгуржи тарқатиш марказларини яратиш лойиҳасини имкон қадар тезроқ амалга ошириш кераклиги белгиланди.

Шунингдек, кимё, электротехника, фармацевтика, енгил саноат, машинасозлик, металлургия, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи «Йўл харитаси»ни қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Икки давлат чегарадош ҳудудида ташкил этилаётган Халқаро саноат кооперацияси маркази (ХСКМ) мазкур йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим нуқтага айланиши мумкин.

Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳам икки томон учун бирдек манфаатлидир.