Ўзбекистонда 1 августдан нималар ўзгаради?

Ўзбекистонда 1 августдан нималар ўзгаради?

Norma.uz’нинг маълум қилишича, жорий йил 1 августидан қонунчиликка қуйидаги ўзгариш ва янгиликлар киритилмоқда.

Туроператорлар суғурта полисига эга бўлиши шарт

Ташқи туризм йўналиши бўйича туроператор ва турагент фаолиятини амалга оширишда қуйидаги лицензия талаблари киритилади:

—  Туроператорларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлиги;
—  15 минг АҚШ доллари эквивалентидаги маблағларни Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш.

Амалдорларга автомобиллар бириктирилмоқда

— Хизмат автотранспорт воситалари республика давлат бошқаруви органларида, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида раҳбарлар ҳамда уларнинг ўринбосарларига бириктирилади;
—  республика давлат бошқаруви органлари тизимидаги ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларида биринчи раҳбарларга шахсан бириктирилади.
—  Бундан ташқари, республика давлат бошқаруви органларида аутсорсинг шартлари асосида автобус, такси ва бошқа автотранспортлар хизматларидан фойдаланиш тизими жорий этилади.
—  Янги типдаги давлат рақами белгилари билан қайта рўйхатдан ўтказилмаган тегишли хизмат автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.

ЯИДХПда янги хизматлар пайдо бўлади

Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали қуйидаги хизматларни кўрсатиш бошланади:

—  автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш;
—  автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлар ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш.
—  Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинланади.

Қурилиш соҳасидагиларга устама қўшилади

Буюртмачи хизматлар Қурилиш вазирлиги томонидан белгиланган малака тоифаси асосида техник назорат соҳасидаги масъул мутахассисларга улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги тариф коэффициентларига:

—  биринчи тоифа учун — 0,2 миқдорда;
—  иккинчи тоифа учун — 0,5 миқдорда;
—  учинчи тоифа учун — 0,7 миқдорда;
—  олий тоифа учун — 1,0 миқдорда устама қўшилади.

Она ва бола соғлиғини назорат қилувчи янги тизим жорий қилинади

Қорақалпоғистонда, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида ҳомиладор аёлларни комплекс кузатиш бўйича ягона тизим жорий этилиб, перинатал ва скрининг марказлари ҳамда бирламчи тиббий-санитария муассасаларидаги оналар ва болалар саломатлигига масъул тузилмалар томонидан ягона маълумотлар базасига зарур маълумотларни киритиш, шунингдек, ҳомиладор аёлларнинг тиббий картасини юритиш, шаклланган маълумотларга асосан ҳомиладор аёлларга зарур маслаҳатларни бериш йўлга қўйилади.

Ер ажратиш тартиби ўзгартирилади

Ер участкалари хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига — доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади.

Ижарага олинган ер участкасида қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади.

Шунингдек, ҳокимликларнинг ерга оид қуйидаги ваколатлари бекор қилинади:

—  ерни тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш;
—  туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;
—  суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;
—  жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;
—  хусусийлаштириладиган ерга нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш.

Кадастр органлари ердан мақсадсиз фойдаланишни аниқлаганда, ушбу ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши мумкин.

Давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланади.

“Ишга марҳамат” мономарказларига харидларни амалга ошириш соддалаштирилди

“Ишга марҳамат” мономарказлари ўқув фаолияти учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар, хомашё, ўқув материаллари ва бошқа материаллар БҲМнинг 50 баробаригача бўлса тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан сотиб олишлари мумкин. 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг касб-ҳунар таълими, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларига оид қисқа муддатли курслари иш бошлайди.

Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бошланади

Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими пайдо бўлади. Унинг асосий мақсади қуйидагилар:

—  аҳолининг барча қатламлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали жисмоний қобилият ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш;
—  ёшларда ирода, ўз кучи ва имкониятларига ишонч каби фазилатларни мустаҳкамлаш, уларда жасорат, ватанпарварлик ва садоқат хислатларини ривожлантириш, юртимиз шарафини ҳимоя қила оладиган, жисмонан бақувват ва интеллектуал салоҳиятли Ватан мудофаасига муносиб захира кадрларни тайёрлаш;
—  республика ҳудудида аҳолини соғломлаштириш ишларини янада ривожлантириш;
—  аҳоли жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг халқаро стандартлари ва илғор хорижий тажрибасини татбиқ этиш.

Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида янги шартномалар жорий этилмоқда

Хорижий хомашё ва материалларни божхона расмийлаштирувига қўйиладиган талабларни соддалаштириш мақсадида:

—  божхона режими талабида хорижий буюртмачи мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам қайта ишлаш операцияларига рухсат берилади;
—  тадбиркорга четдан хомашё сотиб олиб, уларни республика ҳудудида божхона тўловлари тўламаган ҳолда қайта ишлагандан сўнг исталган хорижий ҳамкорига сотиш имконини берадиган олиб чиқиш, олиб кириш, сотиш ва сотиб олиш бўйича янги турдаги ташқи савдо контрактлари амалиётга киритилади;
—  маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларга хорижий давлатдан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилади;
—  олиб кириш контрактини олиб чиқиш контракти билан, шунингдек, сотиб олиш контрактини сотиш контракти билан ўзаро боғлиқ ҳолда мониторинг қилиш тартиби жорий қилинади.

Бўш бинолар хусусий мулкдорларга берилади

Давлат суд экспертизаси муассасаларининг фойдаланилмаётган бинолари хусусий мулкдорларга суд-экспертиза фаолиятини амалга ошириш шарти билан ижарага берилади.