Ўзбекистонда 10 майдан кўп юрганларга қанча пул тўланиши айтилди

Ўзбекистонда 10 майдан кўп юрганларга қанча пул тўланиши айтилди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ишлаб чиқилган «Соғлом турмуш тарзи» платформаси орқали 10 майдан бошлаб кўп юрганларга пул тўланиши белгиланди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур платформа 10 майдан тест режимида, 1 июндан бошлаб тўлиқ ишга туширилади. Платформа назорати Туризм ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан олиб борилади.

  • Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги — платформа доимий равишда ҳаққоний ва фаол ишлаб туриши, шунингдек, унинг доимий техник қўллаб-қувватланиши;
  • Молия вазирлиги — фуқароларнинг платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилиши билан боғлиқ тўловларнинг молиялаштирилиши;
  • Туризм ва спорт вазирлиги — платформадан фойдаланиш шартларини бузган фуқароларнинг иштирокига чекловлар ўрнатиш, шунингдек, улар тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш, тузилган рейтинглар шаффофлиги ва ошкоралиги таъминланиши;
  • Соғликни саклаш вазирлиги — платформада фойдаланувчилар учун тақдим этилаётган таомлар килокалорияси тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилиги учун жавобгар ҳисобланади.

Маълумот ўрнида, 2021 йил 1 мартга қадар «Соғлом турмуш тарзи» платформаси ишлаб чиқилиши маълум қилинган эди. Унга кўра,

  • Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқаросининг платформадаги электрон ҳамёнига 3 минг сўмдан;
  • ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 миллион сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади.