Ўзбекистонда 11 январдан барча мактабларда ўқув жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклга ўтказилади

Ўзбекистонда 11 январдан барча мактабларда ўқув жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклга ўтказилади

Ўзбекистон мактабларида ўқув жараёнлари 3-чоракдан тўлиқ анъанавий шаклга ўтказилади, дея хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги.

Вазирлик мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгани, иккинчи чорак якунига қадар 90 фоиздан ортиқ ўқувчи анъанавий шаклда таълим олиш мақсадида мактабга қайтганини инобатга олиб, 2021 йилнинг 11 январидан (3-чорак) барча мактабларда ўқув жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклга ўтказилишини маълум қилди.

Таъкидланишича, ўқувчиларнинг соғлиғини ҳимоялаш бўйича ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида ўқув йилининг биринчи ярим йиллиги давомида анъанавий шаклда таълим жараёни йўлга қўйилган мактабларда эпидемиологик вазиятнинг барқарорлиги таъминланган.

Таҳлиллар натижасига кўра, икки чорак давомида масофавий таълим олиш жараёнида ўқувчиларнинг дарсларни тўлиқ ўзлаштиришларига етарли имконият бермади, айрим ҳолатларда ўқувчилар телевизион дарсларни кўриш ва ўрганиш ўрнига вақтини бесамар ўтказиш ва ота-оналар томонидан етарли назорат этилмаслиги оқибатида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳам кузатилган.

Шу сабаб вазирлик ота-оналардан «фарзандларининг келажаги учун ўз вақтида билим олишларига шароит яратиши ва мактабга юборишини» сўраган.

Шунингдек, вазирлик томонидан Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари барча умумтаълим мактабларида қишки мавсумда иссиқлик тизимини барқарор ишлаши, ўқувчиларнинг соғлигини ҳимоялаш билан боғлиқ ташкилий чораларни кўриш, санитария-гигиена ва дезинфекция воситалари билан таъминлашлари талаб этилган.