Ўзбекистонда 18 ёшдан ошган 14 та тоифадаги фуқаролар коронавирусга қарши эмланиши шарт этиб белгиланди

Ўзбекистонда 18 ёшдан ошган 14 та тоифадаги фуқаролар коронавирусга қарши эмланиши шарт этиб белгиланди

Республика махсус комиссиясининг Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлашда кўрилаётган чораларни мувофиқлаштириш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистондаги эпидемиологик ҳолат ҳудудлар кесимида таҳлил қилинди. Касалликнинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида фуқароларни карантин қоидаларига риоя қилиш борасидаги масъулиятини ошириш бўйича вазифалар белгиланди.

Ўзбекистон қонунчилигида «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон давлат бош санитария врачи атрофдагилар учун хавф туғдирувчи юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши хавфи бўлган тақдирда тегишли санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирлар ўтказиш тўғрисида қарорлар чиқариш ваколатига эгалиги кўзда тутилган.

Ушбу қонуннинг 30-моддасида санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар мажмуига профилактик эмлашлар ўтказиш ҳам киритилган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон давлат бош санитария врачи, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевнинг «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетишини олдини олиш бўйича чора-тадбирларни янада кучайтириш тўғрисида» қарори қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон давлат бош санитария врачи томонидан 2015 йил 15 мартда тасдиқланган 0239-07-сонли «Юқумли касалликлар иммунопрофилактикаси» санитария қоидалари ва нормаларидаги эпидемиологик кўрсатма асосида эмлаш жадвалига коронавирус инфекциясига қарши эмлаш тартиби юзасидан қўшимча киритилди.
Унга асосан:

  • 2021 йил 1 сентябргача 18 ёшдан катта бўлган қуйидаги тоифа ёки гуруҳдаги аҳоли қатлами коронавирус инфекциясига қарши 1-доза вакциналари;
  • 1 октябргача 2-доза вакциналари;
  • 1 ноябргача 3-доза вакциналари билан оммавий эмланиши (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ҳоллар бундан мустасно) шартлиги белгиланди.

Улар қуйидагилар:

  • аҳоли билан мулоқотга кирувчи барча турдаги хизмат кўрсатиш объектларининг (давлат хизматлари марказлари, почта бўлинмалари, банклар, лизинг ташкилотлари, нотариуслар, суғурта компаниялари, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар ва бошқаларнинг) ходимлари;
  • барча турдаги савдо объектларининг (озиқ-овқат, хўжалик моллари, кийим-кечак дўконларининг, дорихоналарнинг ва бошқаларнинг) ходимлари;
  • спорт мактабларининг ҳамда спорт иншоотларининг ходимлари;
  • маданий ҳамда кўнгилочар объектларнинг ва дам олиш масканларининг ходимлари;
  • меҳмонхоналарнинг, уй меҳмонхоналарининг, хостелларнинг, отелларнинг, ётоқхоналарнинг ва кемпингларнинг ишчи-ходимлари;
  • йўловчи ташиш билан шуғулланувчи давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ходимлари;
  • давлат ва нодавлат таълим муассасаларининг ходимлари;
  • ҳарбий хизматчилар;
  • умумий овқатланиш корхоналарининг, хусусан, жамоат жойларида жойлашган тезкор овқатланиш шохобчаларининг, чойхоналар, тўйхоналар, кафелар ва ресторанларнинг ходимлари, шу жумладан, маҳсулотларни етказиб бериш билан шуғулланувчилар;
  • барча турдаги давлат ва нодавлат тиббиёт ва тиббий-ижтимоий объектларнинг ходимлари;
  • коммунал хизмат соҳаси ходимлари;
  • алоқа ва телекоммуникация объектларининг ходимлари;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ходимлари;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ходимлари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов Ўзбекистонда аҳолини мажбурий эмлаш қонунга зид экани ва шундай бўладиган тақдирда ҳуқуқий ҳужжатларга белгиланган тартибда ўзгартиш ёки қўшимчалар киритиш талаб этилишини айтганди.