Ўзбекистонда 2020 йилнинг 1-чорагида ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар коронавирус қурбонларидан 20 баравар кўп

Ўзбекистонда 2020 йилнинг 1-чорагида ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар коронавирус қурбонларидан 20 баравар кўп

Кеча бўлиб ўтган 5-ялпи мажлисда Сенат аъзолари томонидан Вазирлар Маҳкамасига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги оқибатида биргина 2019 йилда мамлакат бўйича жами 6 миллиондан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги қайд этилган. Оқибатда 8588 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 7943 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2096 нафар шахс ҳалок бўлган.

2020 йилнинг биринчи чорагида эса 1229 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 376 нафар фуқаро вафот этган.

Таҳлилларга кўра, қоидабузарликларни автоматик аниқлайдиган фото ва видео мосламалар, шунингдек онлайн режимида ишловчи фото радарлар ўрнатиш билан боғлиқ ишлар суст олиб борилмоқда.  Бундан ташқари, автомобиль йўлларида йўл ҳаракатини ахборотлар билан таъминлаш, йўл бўйидаги инфратузилмани халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ривожлантириш билан боғлиқ кўплаб масалаларга лозим даражада эътибор қаратилмаган.

Умумтаълим мактабларида ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш  ишлари ҳам талаб даражасида эмаслиги оқибатида 2019 йилда болалар билан боғлиқ 1309 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Уларда 1147 нафар бола жароҳатланган ва 193 нафар бола ҳалок бўлган.

Мажлисда сенаторлар томонидан шу каби камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларини ҳам такомиллаштириш кераклиги, мамлакатимизда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва улардан имтиҳон олиш тартиби билан боғлиқ муаммолар кўплаб фуқароларимиз томонидан ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётганлиги ҳам таъкидланди.

Сенат аъзолари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.