Ўзбекистонда 2022 йилда 14 та фаолият тури бўйича монополиялар тугатилади

Ўзбекистонда 2022 йилда 14 та фаолият тури бўйича монополиялар тугатилади

Ўзбекистон иқтисодиётида давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор учун кенг йўл очиш мақсадида 25 дан ортиқ фаолият тури бўйича монополиялар тугатилади. Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасида белгиланган.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, 2022 йилнинг ноябрига қадар эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва давлат иштирокидаги компанияларни хусусийлаштириш ҳисобига 14 та фаолият тури бўйича монополиялар тугатилади (аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газ етказиб бериш, рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш, сертификатлаштириш хизматлари ва бошқалар).

Шунингдек, 2022 йил сентябрга қадар иқтисодий муносабатларда эркин бозор тамойилларини жорий этиш кенгайтирилади. «Рақобат тўғрисида»ги ва «Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонунларни бирлаштириш орқали давлатнинг тадбиркорлик фаолиятида иштирок этиш ҳоллари ва унга нисбатан монополияга қарши талаблар белгиланади, табиий монополия ҳолатини аниқлаш бўйича ҳуқуқий инструментлар кенгайтирилади, бозордаги устунлик мавқейини аниқлаш мезонлари такомиллаштирилади, давлат кўмаги (имтиёз ва преференциялар) шакллари ва уларни тақдим этишга нисбатан монополияга қарши талаблар белгиланади, аукцион (биржа) савдоларида манипуляцияларнинг мезонлари ва жавобгарлик кучайтирилади, рақобатни чеклаш ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилади.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятида эркин бозор тамойиллари кенг жорий этилади. Жумладан, хом ашё ва материаллар етказиб бериш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархларини шакллантиришда бозор механизмларига тўлиқ ўтилади, айрим товарлар учун белгиланган маъмурий нархлар босқичма-босқич бекор қилинади.