Ўзбекистонда 2022 йилнинг уч ойида қанча йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилгани маълум қилинди

Ўзбекистонда 2022 йилнинг уч ойида қанча йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилгани маълум қилинди

Ўзбекистонда жорий йилнинг дастлабки уч ойида 1469 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, улардан 204 таси болалар иштирокида содир бўлган, 39 таси ўлимга сабаб бўлган. Қурбонларнинг аксарияти ўсмирлардир.

Бу ҳақда АОКАда ЮНИCЕФ, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ва ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мутасаддилари иштирокида ўтказилган  матбуот анжуманида маълум қилинди.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабаблари — тезликни ошириш (455 та), йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик (110 та) ва зарур инфратузилманинг йўқлиги (250 та), жумладан, пиёдалар ўтиш жойининг йўқлиги (804 та) бўлган.

“Йўл-транспорт жароҳатлари бутун дунё бўйлаб болалар ва ёшлар саломатлиги борасидаги жиддий муаммо ҳамда ўлим, жароҳатлар ва ногиронликнинг асосий сабаби бўлиб қолмоқда. Ҳар куни дунёда 3000 га яқин болалар ва ёшлар йўлларда ҳалок бўлади ёки оғир жароҳатлар олади. Бу ўлимларнинг олдини олиш мумкин,” — деди Мунир Мамедзаде.

“Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бош вазир бошчилигида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика махсус комиссияси тузилди. Барча ҳудудларда “Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади” шиори остида тадбирлар ўтказилмоқда. Аммо шуни унутмаслигимиз керакки, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш фақат мутасадди шахслар ва идораларнинг, масъулияти эмас. Бу умумий вазифамиз”, — деди Олим Саидов.

 Айрим мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, оқилона сармоя эвазига йўл-транспорт ҳодисаларининг тўлиқ олдини олиш мумкин. Қуйидаги чора-тадбирлар йўл-транспорт ҳодисаларида болалар ўлимини сезиларли даражада камайтиришга кўмак бериши мумкин:

    • йўл ҳаракатининг барча қатнашчилари, жумладан, ўсмирлар ва ёшлар учун қонунлар ижросини таъминлайдиган миллий қонунчилик ва сиёсатни мустаҳкамлаш;
    • инфратузилма ва авариядан кейинги хизматлар;
    • мактаб ҳудудини яхшилаш дастурлари ва мактаб ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар тизимини ишлаб чиқиш;
    • янги ҳайдовчиларга ҳайдовчилик гувоҳномаларини беришнинг ишончли тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
    • мактаб ўқувчилари учун йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
    • аҳоли хабардорлигини ошириш бўйича самарали тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
    • фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаш.

  ЮНИCЕФ йўл ҳаракати хавфсизлигини кўриб чиқишда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа Иқтисодий Комиссияси ва Ички ишлар вазирлигини қўллаб-қувватлайди. Унинг натижалари йўлларда болалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги сиёсатни ишлаб чиқишда асос бўлади.