Ўзбекистонда 22 декабрда янги намунадаги 50 минг ва 100 минглик купюралар муомалага чиқарилади (Фото)

Ўзбекистонда 22 декабрда янги намунадаги 50 минг ва 100 минглик купюралар муомалага чиқарилади (Фото)

Ўзбекистон Марказий банки 2021 йилнинг 22 декабридан бошлаб янги кўринишдаги номинал қиймати 50 000 сўм ва 100 000 сўм бўлган банкнот шаклида пул белгиларини муомалага чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилинганлигини маълум қилди.

Мазкур банкнотлар мавзуси (тематикаси) «Буюк ипак йўли» ҳамда Ўзбекистон ҳудудидаги Сурхондарё ва Хоразм вилоятларининг қадимий тарихига бағишланган.

Банкнотлар ҳимояланган қоғозда чоп этилган бўлиб, олд ва орқа томонлари махсус лак билан қопланган.

50 000 сўмлик банкнот

Фото: Ўзбекистон Марказий банки

Ўлчами 147 х 69 миллиметр. Банкнотнинг ўнг тарафида оч фонда қадимги «Буюк ипак йўли»нинг рамзи сифатида туя ва «50000» рақами кўринишида сув белгилари жойлашган.

Банкнотнинг ўнг тарафида қоғоз қатламида кенглиги 3 миллиметрли яшил рангли, «силжиш» эффектига эга, ранги ўзгарувчан, металлашган ва машинада ўқиладиган ҳимоя ипи ўтказилган.

Олд ва орқа томонларининг асосий ранги – бинафшаранг бўлиб, бошқа ранглар билан уйғунлашган.

Банкнот олд томони чап қисмида Сурхондарё вилоятида жойлашган XI-ХII асрларга тегишли «АБУ ИСО ТЕРМИЗИЙ МАҚБАРАСИ» меъморий ёдгорлиги тасвирланган.

Юқори қисмининг чап тарафида «50000» рақами тўқ қизил рангда, юқори қисм марказида «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ» матни ярми кўк рангда ва ярми тўқ қизил рангда ҳамда юқори ўнг бурчакдаги Ўзбекистон Герби тўқ қизил рангда жойлашган.

Ўнг ва чап томони чеккасида жойлашган кўк рангдаги махсус элемент кўриш қобилияти паст бўлган инсонлар учун мўлжалланган бўлиб, бўёқнинг бўртмалик хусусияти ҳисобига банкнотнинг қийматини аниқлаш имконини беради.

Банкнотнинг қуйи қисмида нақшинкор тасвир фонида «латент» (яширин) тасвир «UZ» кўринишида берилган бўлиб, у ёруғлик манбаига нисбатан маълум қияликда кўриниш хусусиятига эга.

Қуйи қисмининг чап томонида банкнот қийматини акс эттирувчи «ЭЛЛИК МИНГ СЎМ» ёзуви ва «ЎЗБЕКИСТОН СЎМИ РЕСПУБЛИКА ҲУДУДИДА ҲАMMA ТЎЛОВЛАР УЧУН ЎЗ ҚИЙМАТИ БЎЙИЧА ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИ ШАРТ» матни жойлашган.

Юқоридаги тасвирлар металлограф босма усулида бажарилган бўлиб, бармоқ учи билан сийпалаганда бўёқнинг бўртмалигини сезиш мумкин.

Банкнот ўнг қисмидаги оч фонда нусха кўчиришга қарши ҳар хил диаметрдаги ҳалқалар жойлашган бўлиб, нусха кўчирилганда тасвирлардаги аниқлик йўқолади.

Юқори қисмидаги Ўзбекистон харитаси чизмасида оч чизиқлар билан «Буюк ипак йўли» карвон йўллари йўналиши кўрсатилган.

Юқори чап қисмида Сурхондарё вилояти Сополли тепа археология ёдгорлиги топилмаси бўлган «нақшинкор тамға» тасвири регистр вазифасини бажарган ҳолда, «олд» ва «орқа» томонларини бир-бири билан мос тушириш учун хизмат қилади. Ёруғликка қаратилганда оқ қисми банкнотнинг орқа томонидаги рангли элементлар билан қўшилиб тўлиқ тасвир ҳосил бўлади.

Банкнотнинг рақами лотин алифбосидаги икки ҳарфли серия ва етти хонали сондан ташкил топган бўлиб, ўнг қисмида горизонтал ва чап қисмида вертикал кўринишда босилган.

Фото: Ўзбекистон Марказий банки

Банкнот орқа томонида милоддан аввалги III-И асрларга тегишли бўлган Сурхондарё вилояти ҳудудидаги қадимий ёдгорлик – «ФАЁЗТEПA АРХЕОЛОГИЯ ЁДГОРЛИГИ» тасвирланган.

Марказий қисмида тинчлик рамзи бўлган «учаётган кабутар» тасвирида замонавий «Spark live» махсус ҳимоя элементи қўлланилган бўлиб, турли қияликда тасвирда ранг ўзгариши ва силжиш эффектини ҳосил қилади.

Ўнг қисмида Сурхондарё вилояти Сополли тепа археология ёдгорлиги топилмаси бўлган милоддан аввалги XVII-ХV асрларга тегишли 2 хил кўринишдаги сопол идишлар тасвири акс эттирилган.

Юқори чап қисмида «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ» матни ва банкнот муомалага чиқарилган йил «2021» чоп этилган.

Банкнотнинг пастки қисми чап ва ўнг бурчакларида банкнот номинал қиймати «50000» рақами оқ рангда бир чизиқда ҳамда юқори ўнг бурчакда «ЭЛЛИК МИНГ СЎМ» ёзуви туширилган.

Пастки қисмида «ЎЗБЕКИСТОН СЎMИНИ ҚАЛЬБАКИЛАШТIRISҲ ҚОНУНГА МУВОФИҚ ТАЪҚИБ ҚИЛИНАДИ» матни огоҳлантирувчи ёзув сифатида қайд этилган.

100 000 сўмлик банкнот

Фото: Ўзбекистон Марказий банки

Ўлчами 152 х 69 миллиметр. Банкнотнинг ўнг тарафида оч фонда қадимги «Буюк ипак йўли»нинг рамзи сифатида туя ва «100000» рақами кўринишида сув белгилари жойлашган.

Банкнотнинг ўнг тарафида қоғоз қатламида кенглиги 4 миллиметрли, сариқ рангли, «силжиш» эффектига эга бўлган, «UZB» матнли ранги ўзгарувчан, металлашган ва машинада ўқиладиган ҳимоя ипи ўтказилган.

Олд ва орқа томонларининг асосий ранги сариқ рангда бўлиб, бошқа ранглар билан уйғунлашган.

Банкнот олд томони чап қисмида Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида жойлашган «ИЧАН ҚАЛЪА» тарихий музейи тасвирланган.

Юқори қисмининг чап тарафида «100000» рақами, юқори қисм марказидаги «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ» матни жигаррангда ҳамда юқори ўнг бурчакдаги Ўзбекистон Герби яшил рангда жойлашган.

Ўнг ва чап томони чеккасида жойлашган жигаррангдаги махсус элемент кўриш қобилияти паст бўлган инсонлар учун мўлжалланган бўлиб, бўёқнинг бўртмалик хусусияти ҳисобига банкнотнинг қийматини аниқлаш имконини беради.

Банкнотнинг қуйи қисмида нақшинкор тасвир фонида «латент» (яширин) тасвир «UZ» кўринишида берилган бўлиб, у ёруғлик манбаига нисбатан маълум қияликда кўриниш хусусиятига эга.

Қуйи қисмининг чап томонида банкнот қийматини акс эттирувчи «БИР ЮЗ МИНГ СЎМ» ёзуви ва «ЎЗБЕКИСТОН СЎМИ РЕСПУБЛИКА ҲУДУДИДА ҲАMMA ТЎЛОВЛАР УЧУН ЎЗ ҚИЙМАТИ БЎЙИЧА ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИ ШАРТ» матни жойлашган.

Юқоридаги тасвирлар металлограф босма усулида бажарилган бўлиб, бармоқ учи билан сийпалаганда бўёқнинг бўртмалигини сезиш мумкин.

Банкнот ўнг қисмидаги оч фонда нусха кўчиришга қарши ҳар хил диаметрдаги ҳалқалар жойлашган бўлиб, нусха кўчирилганда тасвирлардаги аниқлик йўқолади.

Юқори қисмидаги Ўзбекистон харитаси чизмасида оч чизиқлар билан «Буюк ипак йўли» карвон йўллари йўналиши кўрсатилган.

Юқори чап қисмида «ИЧАН ҚАЛЪА» тарихий музейи марказида жойлашган минора тасвири регистр вазифасини бажарган ҳолда, «олд» ва «орқа» томонларини бир-бири билан мос тушириш учун хизмат қилади. Ёруғликка қаратилганда оқ қисми банкнотнинг орқа томонидаги рангли элементлар билан қўшилиб тўлиқ тасвир ҳосил бўлади.

Банкнотнинг рақами лотин алифбосидаги икки ҳарфли серия ва етти хонали сондан ташкил топган бўлиб, ўнг қисмида горизонтал ҳолатда қизил рангда ва чап қисмида вертикал ҳолатда қора рангда босилган.

Фото: Ўзбекистон Марказий банки

Банкнот орқа томонида III-IV асрларга тегишли бўлган қадимий Хоразм давлатининг пойтахти вазифасини бажарган қалъа – «АНГКАҚАЛЪА АРХЕОЛОГИЯ ЁДГОРЛИГИ» тасвирланган.

Марказий қисмида «қиррали нақш» тасвирида замонавий Spark live махсус ҳимоя элементи қўлланилган бўлиб, турли қияликда тасвирда ранг ўзгариши ва силжиш эффектини ҳосил қилади.

Ўнг қисмида Хоразм вилояти археология ёдгорлиги топилмаси бўлган Х асрга тегишли сопол идиш ва милоддан аввалги I асрга тегишли кумуш танга тасвири акс эттирилган.

Юқори чап қисмида «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ» матни ва банкнот муомалага чиқарилган йил «2021» чоп этилган.

Банкнотнинг пастки қисми чап ва ўнг бурчакларида банкнот номинал қиймати «100000» рақами оқ рангда бир чизиқда ҳамда юқори ўнг бурчакда «БИР ЮЗ МИНГ СЎМ» ёзуви туширилган.

Пастки қисмида «ЎЗБЕКИСТОН СЎMИНИ ҚАЛЬБАКИЛАШТIRISҲ ҚОНУНГА МУВОФИҚ ТАЪҚИБ ҚИЛИНАДИ» матни огоҳлантирувчи ёзув сифатида қайд этилган.

Марказий банкнинг қайд этишича, муомалага чиқарилаётган янги кўринишдаги қиймати 50 000 сўм ва 100 000 сўм бўлган пул белгилари бугунги кунда муомалада бўлган 2017 йил намунасидаги 50 000 сўмлик ва 2019 йил намунасидаги 100 000 сўмлик банкнотлар билан бир қаторда (параллел равишда) муомалада бўлади. Яъни, 2017 йил ва 2019 йил намунасидаги 50 000 сўмлик ва 100 000 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотмайди.

Шунингдек, янги кўринишдаги пул белгилари айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт.