Ўзбекистонда 6-синфдан аъло баҳога ўқиган ва хулқи яхши бўлган мактаб битирувчилари ОТМга имтиҳонсиз кириши мумкин

Ўзбекистонда 6-синфдан аъло баҳога ўқиган ва хулқи яхши бўлган мактаб битирувчилари ОТМга имтиҳонсиз кириши мумкин

2022 йилдан эътиборан 6-синфдан аъло баҳога ўқиган ва хулқи яхши бўлган мактаб битирувчиларига ОТМларга имтиҳонларсиз киришга тавсиянома берилиши мумкин. Бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz».

«Энди унинг механизмини ишлаб чиқиш керак. Ҳозир вазифа қўйилган. Барибир, кўпчилик кириш имтиҳонларидан норози… Имтиҳонни иккига бўлса бўлади, унинг мазмуни ва бошқариш бор. Имтиҳонни бошқариш жараёнларида жуда катта ўзгаришлар бўлди. Катта аудиторияларда ўтказилиши, видеокузатув ва бошқалар. Лекин энди одамлар имтиҳоннинг мазмунини тушунишни бошлашди. Олдин адолатсизлик бўлса, унга ҳеч ким эътибор ҳам бермас эди», — деди у.

Вазир сўзи давомида ҳозирда 10 мингта мактабда 6,5 миллион ўқувчи таълим олаётганини таъкидлаб, тавсиянома кимларга берилиши мумкинлигига тўхталди.

«Боланинг тақдири нимага фақат бир кун билан ҳал бўлиб кетиши керак? Келинглар, мактаб битирувчиларининг қанчадир фоизини, масалан, 6-синфдан буёғига яхши ўқиган, хулқи яхши бўлган болаларга (тавсиянома — таҳр.) берайлик деган вазифа қўйилди», — деди у.

У шунингдек, танганинг иккинчи томони борлигига ҳам эътибор қаратди.

«Бу вазифанинг иккинчи томони — эртага (тавсия олган битирувчилар ҳажми — таҳр.) жуда катта фоиз бўлиб кетадиган бўлса, мактабда қандай қилиб потенциал коррупциянинг олдини оламиз, деган масала бор. Эртага баҳоларнинг бирдан ошиб кетишининг олдини қандай оламиз? Шунинг учун бу жараёнларнинг ҳаммасини ишлаб чиқамиз. Мана, ҳозир электрон кундалик қилишимизнинг сабаби ҳам электрон архив турсин, деяпмиз. Охирида мана бу болани аълочи қилиб чиқаришимиз керак, деб баҳоларни тузатиб чиқа олмаслиги учун архив бизда турсин, деяпмиз», — деди Шерзод Шерматов.

Унинг сўзларига кўра, бу жараён вақт талаб қилади. «Бунинг ижобий ва салбий жиҳатларини ўрганиб чиқишимиз керак. Кейинги йилдан бир қисми ишга тушади. Буни ўрганишлар якунида эълон қиламиз», — деди халқ таълими вазири.

2021 йилнинг февралида абитуриентларнинг кириш имтиҳонларида олган балларига мактабнинг сўнгги 6 йилида олган баҳоларининг ўрта арифметик кўрсаткичини қўшиш таклиф этилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганди. Унда, шунингдек, ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг сўнгги 6 йилда барча фанлардан олган йиллик баҳоларини киритиб бориш учун электрон платформа яратилиши қайд этилган эди.