Ўзбекистонда 90 фоиз битирувчиси ОТМга кирган мактаб директорларига пул мукофоти берилади

Ўзбекистонда 90 фоиз битирувчиси ОТМга кирган мактаб директорларига пул мукофоти берилади

«90 фоиз битирувчиси ўқишга ёки ишга кирган мактаб директорига ойлик маоши, директор фонди қўшимчаларидан ташқари, бир марталик ўқув йили учун 8 миллион сўмлик мукофот, ўринбосарига эса 4 миллион сўм берилади. Кўрсаткич 89 фоиз бўлса, мос равишда 6 миллион ва 3 миллион, 80 фоизгача бўлса, 4 миллион ва 2 миллион пул мукофоти ажратилади», — деган Усмон Шарифхўжаев.

Бундан ташқари, мактаб рейтингларига бўлган эътиборни кучайтириш учун ўзининг туманида рейтинги энг юқори бўлган директорларга ҳам маълум бир молиявий рағбатлар белгиланмоқда.

«Ҳозирга қадар 10 фоиз мактаблар рейтинги электрон танлов асосида чиқариб келинаётган эди. Эндиликда мактабларни рейтинг тизимига 100 фоиз қамраб олиш ва уларнинг рейтингини чиқариш бўйича ишлар ташкил қилинмоқда», — дея маълум қилган Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Одил Қўйсинов.

Рейтингни тузишда мактабларда дарс бераётган ўқитувчи-педагогларнинг малака даражаси, малака ошириш тизими қай даражада йўлга қўйилганлиги, ўқувчиларнинг билим даражалари, яъни 9 ва 11-синфни битиришда кейинги босқичга ўтиш салоҳияти ҳисобга олинади.

Шунингдек, матбуот анжуманида навбатдаги малака тоифасига йиғимлар бекор қилингани айтилган. Яъни педагог навбатдан ташқари хоҳишига кўра, малака ошириш аттестацияга топширмоқчи бўлганда ундан йиғим ундирилмайди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йил 30 октябрда таълим соҳасидаги муаммолар, уларни ҳал этиш ва таълим сифатини оширишга бағишлаб ўтказилган видеоселекторда ҳар бир мактаб рейтингини ҳамда шу асосда таълим сифати бўйича туман, шаҳар ва вилоятлар рейтингини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилган. Рейтинг натижаларига қараб, мактаб директорлари ва ўринбосарлари, ўқитувчилар, ҳокимлар ва уларнинг таълим бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо берилиши қайд этилганди.

Рейтингда биринчи бешликка кирган мактаб директорларига маҳаллий бюджетдан устама тўланиши, хусусан, мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан 12 бараваригача рағбатлантирувчи тўловлар берилиши мумкинлиги ҳам таъкидланган. Президент мазкур ислоҳотлардан асосий мақсад мактабларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш, директорлар ишига ноқонуний аралашувлар ва кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш эканини билдирган.