Ўзбекистонда АИ-80 маркали автомобиль бензинининг нархи яна қарийб 3 фоизга кўтарилди

Ўзбекистонда АИ-80 маркали автомобиль бензинининг нархи яна қарийб 3 фоизга кўтарилди

"Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси"да автомобиль бензини деярли ўзининг бошланғич қийматида сотилди. Биржада шаклланган ўртача нарх ва бензиннинг сотувчи-корхоналари томонидан мустақил равишда ўрнатиладиган бошланғич нархлар ўртасидаги тафовут атиги – 0,4% ни ташкил қилган.

Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 30291,0 тонна АИ-80 маркали автомобиль бензини қўйилди ва улардан 18348,3 тоннаси, яъни 60,6% сотилди.

Кўриб чиқилаётган даврда сотувчи-корхоналар АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача бошланғич нархларини маҳсулотнинг бир тоннаси учун 6 503,6 минг сўмдан 6 680,9 минг сўмгача ёки 2,7% га кўтаришди.

Шу муносабат билан, АИ-80 маркали автомобиль бензиннинг ўртача кунлик нархи ҳам мос тарзда 6 511,9 мингсўмдан 6 691,6 минг сўмгача, яъни 2,8% га, яъни сотувчиларнинг бошланғич нархларини кўтариши ҳисобига ўсди.

Кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 русумли автомобиль бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси 6 619,9 минг сўмни, АИ-91 – 7 665,6 минг сўмни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 апрелдаги ПҚ-4664-сон қарорига мувофиқ «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасаруфидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан биржа савдоларига қўйиладиган автомобиль бензинининг бошланғич нархлари, жаҳон биржалардаги Brent нефтининг котировкаларидан келиб чиқиб шаклланади.

Турли манбаларда келтиришича автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади.