Ўзбекистонда байрам кунлари якшанбага тўғри келса, дам олиш кунларини душанбага кўчириш таклиф этилди

Ўзбекистонда байрам кунлари якшанбага тўғри келса, дам олиш кунларини душанбага кўчириш таклиф этилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси давомида шу каби саволлар депутатлар томонидан ўртага ташланди. Бу ҳақда Қуйи палата ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, таклиф этилаётган қонун лойиҳасида дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги кунга кўчирилиши белгиланяпти. Бу дегани қонунчиликда белгиланган байрам кунлари агар якшанба кунига тўғри келса, унда душанба куни дам олиш кунига қўшиб берилади.

Қайд этилишича, қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг 2021 йил 7 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида халқ вакиллари томонидан берилган саволлар очиқ қолгани ва лойиҳани янада такомиллаштириш зарурлиги ҳисобга олиниб, кун тартибидан чиқарилганди. Ўтган вақт давомида ишчи гуруҳ қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида лойиҳани мутахассислар ва экспертлар иштирокида муҳокама қилиб, уни пухта ҳолга келтирган.

Депутатларнинг айтишича, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг қабул қилиниши амалиётга қатор қулайликларни яратади. Бунда бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатларининг мувозанати таъминланади, уларнинг ижтимоий ҳамкорликка жалб қилиниши ортиб, томонларнинг меҳнат натижадорлигига қизиқиши рағбатлантирилади. Йиғилишда мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар берилиб, қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланган.