Тошкентда ЛГБТ тарафдорларига қарши бир гуруҳ одамлар намойишга чиқишди (видео)

Тошкентда ЛГБТ тарафдорларига қарши бир гуруҳ одамлар  намойишга чиқишди (видео)

Ўзбекистонда бир жинсли муносабатларнинг қонунийлаштирилишига қарши бўлган фаоллар 28 март куни куни ўз норозиликларини билдириш мақсадида Тошкент марказидаги Амир Темур хиёбони олдида тўпланди. Тармоқда воқеа жойидан олинган видеолар тарқалди.

Воқеа жойига зудлик билан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тинчликни таъминлаш мақсадида етиб келган. Ҳолат юзасидан ҳозирча бирор расмий изоҳ берилгани йўқ.

Бир жинсли муносабатларнинг қонунийлаштирилишига қарши фаолларнинг айнан якшанба куни тушдан сўнг шаҳар марказида тўпланишига ўзини ЛГБТ ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида талқин қилган шахслар томонидан берилган «ҳар якшанба Амир Темур ҳайкали пойида йиғилиш» ҳақидаги эълон сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Улар томонидан 6 март куни TikTok’да қолдирилган видеоэълонда шу кундан бошлаб ҳар якшанба соат 15:00 да аниме (япон анимацияси) мухлислари ва Корея поп-мусиқаси ихлосмандлари (kpoper’лар) Амир Темур ҳайкали пойида йиғилиши таъкидланди.

6 мартдаги тадбирнинг ўзида ҳам ўнлаб ёш йигит-қизлар қатнашган: видеоларда учрашув қатнашчилари «Наруто» анимесига тааллуқли шиорларни баралла айтаётгани, биргаликда юришлар уюштираётганини кўриш мумкин, айни вақтда тартибни сақлаш жараёнига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари жалб қилинмаган.

Аввалроқ Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «айрим хорижий ОАВ ва ижтимоий тармоқлар бир жинсли жуфтликларни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон қонунчилигидан бесоқолбозлик (эркак билан эркакнинг жинсий алоқа қилиши)ни тақиқловчи нормани чиқариб ташлаш ҳақида мурожаат билан чиққанини муҳокама қилаётгани», «буни тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат»лиги ҳақида ёзган эди.

«Демократия йўлида инсон табиатига мос бўлмаган ҳаракатларни қўллаб-қувватлашдан бўлак ҳар нарсага чидаш мумкин, деб ўйлайман. Лекин эркак билан эркакнинг ўзаро эр-хотин сифатида турмуш кечириб, муносабат қилишларини ҳеч қачон қабул қилолмайман. Токи тирик эканмиз, Ўзбекистонда бундай бемаъни ҳаракатга қонунан рухсат берилмаслигига ишонаман. Рухсат берилган кун бизнинг ўлганимиз бўлади... Агар бу инсон ҳуқуқларига зид дейишса, тупурдим бундай ҳуқуқига», — деб қўшимча қилганди депутат.