Ўзбекистонда бир кунда юз берган бешта ЙТҲ оқибатида 15 киши ҳалок бўлди

Ўзбекистонда бир кунда юз берган бешта ЙТҲ оқибатида 15 киши ҳалок бўлди

Ўзбекистонда 24 май, душанба куни юз берган бешта йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жами 15 киши ҳалок бўлди. Қайд этиш жоиз, бунда фақат ИИВ, ЙҲХББ ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ўтган ҳафта — 24—30 май саналари оралиғида эълон қилинган ҳодисалар ва рақамлар инобатга олинган. Аслида айнан бир кунда юз берган ЙТҲлар ва улардаги қурбонлар сони кўпроқ бўлиши ҳам мумкин.

Жумладан,

  • Сурхондарёнинг Шўрчи туманида соат тахминан 02:15 да «Камаз» ва Damas иштирокидаги ЙТҲ оқибатида Damas ҳайдовчиси ва унинг ёнида бўлган йўловчи ҳалок бўлган, шунингдек, Damas’нинг икки йўловчиси (жумладан, 2-синфда ўқийдиган қиз) тан жароҳати олиб, реанимацияга ётқизилган;
  • Тошкентдаги Бунёдкор шоҳ кўчасининг Чилонзор туманидан ўтган қисмида соат тахминан 4:45 да Spark ҳайдаб кетаётган 36 ёшли Ф.Ю. бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишни ажратиб турувчи тўсиққа бориб урилган ва шифокорларнинг уринишларига қарамай, касалхонада вафот этган;
  • Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида соат тахминан 9:00 да дастлаб Nexia-3 автомобили йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилган, шундан сўнг шу йўналишда орқадан ҳаракатланиб келаётган машиналар секинлашган вақтда меъёридан кўп юк ортилган MAN юк машинаси тормози ишламай қолиб, учта Lacetti, Nexia-2 ва Cobalt билан тўқнашган (Lacetti’лардан бири ёниб кетган), ҳодиса оқибатида етти киши ҳалок бўлган, 14 киши тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган;
  • Хоразмнинг Янгиариқ туманида соат тахминан 17:30 да 39 ёшли ҳайдовчи қоидага хилоф равишда ўнг томондан қувиб ўтишга уриниш вақтида йўл четидаги олти нафар 11-синф битирувчиларини уриб юбориб, ариққа ағдарилган. Ҳодиса оқибатида уч нафар ўқувчи ҳодиса жойида, бир нафари касалхонада вафот этган, яна икки ўқувчи оғир аҳволда шифохонада ётибди;
  • Наманганнинг Поп туманида соат тахминан 18:00 да ҳайдовчи Ж.Ж. Nexia автомобилида ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотган ва бетон тўсиққа урилиб, пастликка тушиб кетган. Оқибатда ҳайдовчи ҳамда икки йўловчи — 20 ёшли А.Р. ва 35 ёшли А.Қ.лар тан жароҳатлари олиб, туман шифохонасига мурожаат қилган, яна бир йўловчи Я.Б. эса жароҳатлари сабабли вафот этган.

Шундай қилиб, бир кунда юз берган ушбу 5 та ЙТҲ оқибатида жами 15 киши ҳалок бўлган, 21 киши тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган. Маълумот учун, Ўзбекистонда 2021 йилнинг дастлабки тўрт ойида давомида юз берган жами 2242 та ЙТҲ оқибатида 557 киши ҳалок бўлган (кунига ўртача 4,7 қурбон), 1684 киши тан жароҳати олган.