Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишларга энергия истеъмоли ортгани сабаб қилиб кўрсатилди

Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишларга энергия истеъмоли ортгани сабаб қилиб кўрсатилди

Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаби ҳавонинг совиб кетиши натижасида электр энергияси истеъмолининг кескин ортиши эканлигини маълум қилди.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, қисқа муддатли узилишлар тизимдаги катта аварияларнинг олдини олишга имкон беради.

«Бунинг сабаби шундаки, ҳар қандай энергия тизимида унинг барқарор ишлаши учун ҳар қандай вақтда (миллисекунд) истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия мувозанати (баланси) таъминланиши муҳим. Ушбу жараён истеъмолчиларга электр энергиясини ишончли ва узлуксиз етказиб бериш ва энергия тизимининг муаммосиз ишлашини таъминлаш нуқтаи назаридан жуда муҳимдир», — дейилади хабарда.

«Энергия балансини таъминлаш мумкин бўлмаган ҳолатларда ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг диспетчерлик бошқармаси истеъмолчиларнинг бир қисмини режа жадвалига мувофиқ чекловлар ўрнатишга мажбур бўлади. Ушбу графиклар қоида тариқасида паст кучланишли (0,4 кВ, 6-10 кВ) тақсимлаш электр тармоқларини ўз ичига олади», — дея тушунтирган Энергетика вазирлиги.

Таъкидланишича, бу ҳаракатлар мамлакат энергетика тизимида юзага келиши мумкин бўлган йирик аварияларнинг олдини олишга қаратилган. Бу эса электр энергиясини кеча-ю кундуз мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш ва диспетчер назоратининг ўз вақтида жавоб бериш имконини беради.