Ўзбекистонда электромобилларга имтиёз берилиши маълум бўлди

Ўзбекистонда электромобилларга имтиёз берилиши маълум бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 18 май кунги йиғилишида келгусида Ўзбекистонда электромобилларга имтиёз берилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Маълум қилинишича, мажлисда депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди. Лойиҳа тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш ҳамда аҳоли даромадаларини оширишга қаратилган. Қонун лойиҳаси билан электр двигатели орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситаларини сотиб олиш ва (ёки) Ўзбекистон ҳудудига вақтинчалик олиб кириш учун йиғим тўлашдан озод этилиши назарда тутилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон ҳар бир шаҳар ва туманларининг ўзига хос «ўсиш нуқтаси» деб аниқланган фаолият йўналишлари бўйича янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига 2024 йил 1 январга қадар фойда ва сув солиқлари бўйича 50 фоизлик имтиёз берилмоқда. Тадбиркорлар берилган имтиёзлардан оқилона фойдаланган тақдирда солиқлардан иқтисод қилинган маблағ ҳисобидан фаолиятини янада кенгайтириш имконияти яратилади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, коронавирус пандемияси ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш ҳамда аҳоли даромадаларини кўпайтиришга, аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-хуқуқий ҳужжатларни тизимлаштиришга хизмат қилади. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган.